Жаҳон | 12:21 / 13.06.2022
11534
3 дақиқада ўқилади

Россияда «Қийноқларга қарши қўмита» ўз иш фаолиятини тугатгани ҳақида эълон қилди 

«Чет эл агенти» мақоми туфайли «Қийноқларга қарши қўмита» ўз фаолиятини давом эттира олмайди, унинг олдида жуда кўп эшиклар ёпилади, дея тушунтирди ННТ вакили DW билан суҳбатда.

Фото: rtvi.com

10 июнь куни Россия расмийлари томонидан «хорижий агент» мақоми берилган «Қийноқларга қарши қўмита» ўз фаолиятини тугатишга қарор қилди. Бу ҳақда 12 июнь, якшанба куни ташкилот матбуот котиби Наталя Курекина DW нашрига берган интервьюсида маълум қилди. ННТ томонидан Россия Адлия вазирлигига тегишли билдиришнома юборилган. 

Курекинанинг сўзларига кўра, «Қийноқларга қарши қўмита» инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятни давом эттириш ниятида ва ҳозирда унинг ходимлари буни «хорижий агент» мақомисиз амалга оширишга имкон берадиган ҳуқуқий шаклни қидирмоқда - «ўзлари учун хавфсиз ва жамият манфаати учун бўлиши мақсадида». 

«Россия расмийларига кўра, «хорижий агент» бу қандайдир жамоат, нодавлат ташкилот ёки ҳатто сиёсий фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахсдир. Биз «Қийноқларга қарши қўмита» 21 йил давомида сиёсий фаолият билан шуғулланган, деб ҳисобламаймиз, - деди у. - Биз қонун доирасида ҳаракат қилдик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига инсон ҳуқуқларига риоя этишда ёрдам бердик ва улар нимада нотўғри позицияда эканини таклиф қилдик. Яна бир жиҳат шундаки, мезбон томон буни баъзида эшитишни истамади».

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти «хорижий агент» мақоми билан «қатъий рози эмас». Наталя Курекинанинг сўзларига кўра, «Қийноқларга қарши қўмита»га мақом берилган тақдирда ҳам фаолиятини давом эттириш имконияти ҳақида ваъда қилинган. Бироқ, ННТ ходимлари бу осон бўлмаслигини тушуняпти. «Ахир, биз шуғулланаётган фаолият узоқдан ёки «хорижий агент» мақоми билан бўлиши мумкин эмас, чунки олдимизда жуда кўп эшиклар ёпилади», деб тушунтирди у. 

«Қийноқларга қарши қўмита» маълумотларига кўра, 21 йиллик фаолияти давомида ташкилот Россияда инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўйича 3178 та шикоят қабул қилган, жабрланувчиларга 297 миллион рублдан ортиқ товон пули тўланишига эришган, Европа инсон ҳуқуқлари судида 78 та ишда ғолиб чиққан ва қийноқларга алоқадор 159 нафар кучишлатар тизим ходимини судга тортган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид