Жаҳон | 22:12 / 14.06.2022
21572
3 дақиқада ўқилади

Глобал савдода янги муаммо: Кореяда юк машина ҳайдовчилари оммавий иш ташлади

Жанубий Кореяда юк машиналари ҳайдовчилари ёқилғи нархининг ошиши сабаб оммавий иш ташлаш уюштирмоқда. 8 кундан буён давом этаётган норозилик акцияси Корея экспортига, хусусан халқаро таъминот занжирларига таъсир кўрсатиши айтилмоқда.

Фото: Yonhap / AFP via Getty Images

Ҳайдовчиларнинг оммавий иш ташлаши, Корея Савдо вазирлиги ҳисобига кўра, дастлабки 6 кун ичида 1,6 трлн вон (1,2 млрд доллар) йўқотишга олиб келган. Зарарнинг катта қисми пўлат, кимё ва автомобил саноатига тўғри келади.

Reuters'нинг ёзишича, бу ҳолат Хитойдаги янги карантин ва Россиянинг Украинадаги уруши сабаб заифлашган савдо занжирлари учун навбатдаги муаммо бўлмоқда: Корея – дунёда яримўтказгичлар, электроника маҳсулотлари ва пўлат таъминотида муҳим ўринга эга.

Логистикада юзага келган муаммолар сабаб йирик компаниялар ишлаб чиқариш ҳажмини вақтинча қисқартиришга мажбур бўляпти. Hyundai Motors ўз маҳаллий автозаводлари фаолиятини сунъий сусайтиргани, шина ишлаб чиқарувчи Hankook Tire эса экспорт ҳажмини қисқартиришга тўғри келганини маълум қилди. Мамлакатнинг энг йирик пўлат ишлаб чиқарувчиси Posco ҳам омборлар тўлиб кетгани учун фаолиятини қисқартирган.

Якшанба куни Корея Корхоналар федерацияси бошқа 30та саноат гуруҳлари, хусусан яримўтказгич ва автомобил ишлаб чиқарувчилари билан биргаликда қўшма баёнот чиқариб, ҳайдовчиларни иш ташлашни бас қилишга чақирди. Баёнотда айтилишича, бу акция мамлакат иқтисодиётининг асоси бўлмиш ишлаб чиқариш ва савдога жуда катта зарба бўлмоқда.

Корея Юк ташувчилар уюшмаси ташиш харажатлари ошиб бораётгани бўйича ўз талабларини илгари сургани, бу талаблар бажарилмагач ҳайдовчиларнинг иш ташлашдан бошқа чораси қолмаганини билдирган. Корея Транспорт вазирлиги уюшма билан музокаралар олиб бормоқда. Вазирнинг уюшма вакиллари билан шанба кунги учрашуви 8 соатдан ортиқ давом этган, бироқ натижа бўлмаган.

Мамлакатда юк машиналари ҳайдовчиларининг сони 420 мингдан ортади ва улар аксарият ҳолатларда бирор компаниянинг ходими эмас, ўзини ўзи банд қилувчи сифатида фаолият юритишади.

Музокаралар наф бергунга қадар ҳукумат ҳарбий мақсадларга мўлжалланган 100та юк машинаси ва бошқа мақсадлардаги 21та транспортни маҳаллий маҳсулотларни асосий портларга етказишга сафарбар қилишини билдирган.

Маҳсулотларнинг портларгача етиб келиши қисқариб кетгани ортидан Жанубий Кореянинг экспорти 1–10 июн кунлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга камайган. Бунда, автомобил экспорти 35 фоизга, симсиз алоқа воситалари экспорти 27 фоизга қисқарган.

Ўтган ой якунларига кўра, Кореяда инфляция суръати охирги ўн йилликдаги энг юқори даражага чиққан. Бу ва мазкур оммавий иш ташлаш бир ой олдин Корея президенти лавозимига киришган Юн Сок Ёл қаршисидаги дастлабки йирик воқелик деб кўрилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид