Ўзбекистон | 16:04 / 14.06.2022
29507
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги «Ертикан» сув омборидан сув сизиб чиқиши кузатилди. ФВВ дамбанинг ўзи мустаҳкамлигини маълум қилди

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида жойлашган «Ертикан» сув омбори ташқи тўғони остидан сув сизиб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Қайд этилишича, Наманган вилоятининг Косонсой тумани, Қуқунбой қишлоғида жойлашган «Ертикан» сув омборида сув сизиб чиқиши (фильтрация) ҳолати бўйича бирламчи маълумотга кўра, 14 июнь куни соат 10:35 да Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор-навбатчисидан олинган оғзаки маълумот билан Қуқунбой қишлоғида жойлашган «Ертикан» сув омборидан сув сизиб чиқиши (фильтрация) кузатилган.

Юқоридаги ҳолатни бартараф этиш мақсадида Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тегишли ташкилот масъул ходимлари билан биргаликда сув омборига бориб вазият ўрганилган. 

Билдирилишича, «Ертикан» сув омборининг 2 та ерли жойидан (5 ва 10 литр секундига) сув сизиб чиқиши 2022 йил 13 июнь куни соат 19:00 лардан бошлангани, дамба (темир бетон)нинг ўзи мустаҳкамлиги, аҳолига ва тўғонга хавф йўқлиги аниқланган.

Сув сизиб чиқишини бартараф этиш мақсадида «Косонсой» сув омборидан сувни чиқариш тўхтатилган, «Ертикан» сув омборидан сувни чиқарилиши «Калбува» ва «Муса ариқ» каналлари (авариявий ташлама) орқали 4 м.куб/сек.гача оширилган. Сув омборидан сувнинг шу ҳажмда чиқарилиши ва 2 сутка мобайнида давом эттирилиши эвазига сизиб чиқаётган сув (фильтрация) жойлари бартараф этилади.

Расмий хабарга кўра, ҳозирда ушбу сув омборида вазиятни кузатиб бориш ва ишларни назорат қилиш мақсадида вилоят сув омборлардан фойдаланиш бошқармаси ва тегишли мутахассислардан иборат кузатув пости ташкил этилган, вазият назорат қилиб борилмоқда.

Мавзуга оид