Жаҳон | 07:21 / 14.06.2022
15661
2 дақиқада ўқилади

Россия урушнинг 100 кунида нефт ва газ сотиб 98 миллиард доллар ишлаган

Россия Украинага қарши урушнинг дастлабки 100 кунида нефт ва газ савдосидан салкам 100 миллиард доллар пул ишлаган. Бу ҳақда халқаро Энергетика ва тоза ҳавони ўрганиш маркази хабар берган.

Фото: CREA

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, Россия урушнинг дастлабки 100 куни давомида нефт ва газ маҳсулотлари сотиб 98 миллиард доллар ишлаган. Бу кунига деярли 1 миллиард доллар дегани. Россия нефти ва газининг асосий харидори Европа Иттифоқи давлатлари бўлган. Рус экспортининг 61 фоизи айнан ЕИ давлатлари ҳиссасига тўғри келган.

Давлатлар миқёсида Европадан энг кўп Германия Россиядан импорт қилган (12,1 миллиард доллар). Италиядан Россияга уруш вақтида 7,8 миллиард доллар ўтказилган. Умуман олганда Россиядан уруш вақтида энг кўп (12,6 миллиард доллар) Хитой газ ва нефт сотиб олган.

Рўйхатнинг юқори қисмида Нидерландия, Туркия, Полша, Франция, Ҳиндистон ва Шимолий Корея бор. Олдинроқ Европа Иттифоқи Россия нефтига қисман эмбарго эълон қилганди. Унга кўра иттифоқ давлатлари денгиз орқали рус нефтини харид қилишни тўхтатади. Венгрия, Чехия ва Словакия каби денгизга чиқа олмайдиган давлатлар эса қувурлар орқали Россиядан нефт олишда давом этади.

Мавзуга оид