Жаҳон | 11:21 / 14.06.2022
22205
9 дақиқада ўқилади

Украинадаги уруш: томонларнинг баёнотлари, дунё муносабати, ёрдам ва санкциялар

Россия армиясининг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга оид кечаги кун расмий хабарлари ва янгиликларнинг қисқача шарҳи билан танишинг.

Украина томони баёнотлари

Украина президенти Володимир Зеленский одатий тунги мурожаатида босиб олинган шаҳарлар ва ерлар албатта озод қилинажагини айтди.

Украина президенти Володимир Зеленский. Фото: president.gov.ua

«Мен имконияти бор ҳар қандай кишидан оккупация қилинган жанубдаги, Донбассдаги, Харков областидаги инсонлар билан мулоқот қилишда давом этишни сўрайман. Улар билан суҳбатлашинг, Украина ҳақида гаплашинг. Уларга ҳақиқатни етказинг. Улар албатта озод қилинишини айтинг.

Кирилловка, Ҳеническ, Бердянск, Мангуш билан сўзлашинг. Ҳорливка, Донецк, Луганскка қўнғироқ қилинг. Ҳануз украин заминида рус байроғини кўришга мажбур бўлаётган Харков областидагилар билан сўзлашинг. Уларга Украина армияси албатта келишини етказинг.

Албатта, биз ҳали Қримимизни ҳам озод қиламиз. Украина байроғи яна Ялта ва Судак, Жанкой ва Евпатория узра ҳилпирайди. Қримдаги бебаҳо ерларни эгаллаб олган рус чиновникларининг ҳар бири ёдда тутмоғи керак: бу замин улар осуда ҳаёт кечирадиган тупроқ эмас», — деган Зеленский.

ГФР канцлери Олаф Шолц РФнинг Украинага қарши очган уруши борасида Берлиннинг позициясини аниқлаштириб олиши керак, деган Володимир Зеленский Германиянинг ZDF телеканалига берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, «Украина ва Россия билан муносабатлар ўртасида» шпагат қилишга уринмаслик керак.

«Канцлер Шолцдан бизга Германия Украинани қўллаб-қувватлаши ҳақида кафолатлар керак. У ва унинг ҳукумати қарор қабул қилиши керак», — деган Зеленский.

Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган натижалар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • 1 та танк, 4 та артиллерия тизими, 2 та ҳарбий зирҳли техника, 3 та транспорт воситаси, 2 та қурол-яроғ ва 1 та ўқ-дори омбори йўқ қилинган.
  • Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Донбасс осмонида 1 та «Орлан-10» типидаги пилотсиз учар қурилмани уриб туширган.

«Схид» («Шарқ») тезкор-тактик гуруҳи маълумотларига кўра, душман қўшинларининг талафоти 48 нафарни ташкил этган.

Россия томони баёнотлари

Россия Мудофаа вазирлиги махсус вакили Игор Конашенковнинг брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

РФ Мудофаа вазирлиги махсус вакили Игор Конашенков. Фото: РФ МВ
  • Юқори аниқликдаги ракеталар билан хорижлик ёлланма жангчиларнинг вақтинчалик дислокация пункти, 2 та баравар ўт очиш реактив тизими батареяси йўқ қилинган.
  • Тезкор-тактик авиация томонидан «БУК М-1» ЗРКнинг радиолокацион станцияси, тирик куч ва техникаларнинг 63 та нуқтаси, 120 дан ортиқ аскари, 2 та танк, 7 та дала артиллерияси ускуналари, 11 та махсус автомобил йўқ қилинган.
  • Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Украинанинг 8 та пилотсиз учар қурилмасини, жумладан «Bayraktar TB-2» дронини йўқ қилган.
  • Ракета қўшинлари ва артиллерия томонидан Украина ҚКнинг 13 та бошқарув пункти, тирик кучлар ва ҳарбий техникаси жамланган 247 та нуқтаси, артиллерия бўлинмаларининг 63 та ўт очиш позицияларига зарба берилган. Зарбалар натижасида 7 та баравар ўт очиш реактив тизими, радиоэлектрон кураш тизими йўқ қилинган.
  • Махсус операция бошланганидан буён Украина ҳарбий техникалари йўқотишлари: 201 та самолёт, 130 та вертолёт, 1196 та пилотсиз учар қурилма, 338 та зенит ракета мажмуалари, 3525 та танк ва бошқа жанговар зирҳли машиналар, 515 та баравар ўт очиш реактив тизими қурилмалари, 1933 та дала артиллерияси ва миномёт қуроллари, шунингдек, 3583 бирликда махсус ҳарбий автомобил техникаси.

Украинага кўмак

Вашингтон Украина ҳукуматининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Киевга ҳар ойда 1,5 млрд доллар ажратишни режалаштирмоқда, деган АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дерек Ҳоган.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага Россия устидан ғалаба қозониши учун барча зурур қурол-яроғларни беришга тайёр, деган Пентагон раҳбари Ллойд Остин.

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин. Фото: thephuketnews.com

Остиннинг Таиландга ташрифи чоғида журналистлардан бири АҚШнинг Украинадаги уруш борасидаги мақсадлари ўзгарган-ўзгармагани, Украинанинг қурол-яроғ бўйича сўровлари қаноатлантирилиши борасида савол берган.

«АҚШ барча нарсани беришга ва Украинага муваффақият қозониши учун кўмак кўрсатишга тайёр... Бизнинг бутун дунёдаги шерикларимиз Украинага реал кўмак кўрсатишга тайёр. Биз кўплаб миқдорда гаубицалар, катта миқдорда ўқ-дорилар ва бошқа нарсалар етказиб бердик. Бошқа давлатлар ҳам етказиб беришди», — деган Остин.

Еврокомиссия Украинага Европа иттифоқига аъзоликка номзод статусини беради, деб ёзади Politico.

«Комиссия Украина фуқаролари кўчаларда ЕИ байроғи билан чиқишгани учун ўққа тутилган Европадаги ягона давлат эканини унутмайди. Энди биз уларга «Узр, йигитлар, сизлар бошқа байроқни силкитишларинг керак эди», дея олмаймиз», — деган нашр манбаси.

Якуний қарорни Европа кенгаши қабул қилиши керак.

Литва Украинага ўзи томонидан ишлаб чиқарилган, умумий баҳоси 1,5 млн евролик дронларга қарши 110 та милтиқни беради, деб хабар тарқатган литвалик журналист Андрюс Тапинас.

Германия Украинага ракетага қарши мудофаа тизимини беради.

«Биз Украина армиясини қўллаб-қувватлашни анча кенгайтирамиз. Биз Украинага ракетага қарши замонавий мудофаа тизими ва артиллерияни аниқлаб берувчи радар етказиб берамиз», — дея ГФР канцлеридан иқтибос келтирмоқда Spiegel.

Санкциялар, оқибатлар ва уларга қарши чоралар

Американинг энг йирик банкларидан ҳисобланадиган JPMorgan Chase ва Goldman Sachs Россиянинг давлат қарзи бўйича операцияларни тўхтатишган, деб хабар беради Bloomberg агентлиги.

АҚШ президенти Жо Байден Беларус раҳбариятига нисбатан жорий этилган Америка санкцияларининг амал қилиш муддатини яна бир йилга узайтирди. Давлат раҳбарининг тегишли фармойишини Оқ уй тарқатган.

Германия ҳукумати эндиликда энергетик регулятор назорати остида бўлган Gazprom Germania GmbH’ни қутқариш учун миллиардлаб доллар ажратишни режалаштирмоқда, деб ёзади Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб.

Украинадаги уруш туфайли Япония фермерлари шоли майдонларига ғалла ва соя экишга ўтишмоқда, дея хабар беради Japan Today. Нашрнинг қайд этишича, кунчиқар юрт ғалланинг 80 фоизини, соянинг 90 фоизини импорт қилиб келган, уларнинг асосий ишлаб чиқарувчилари Россия ва Украина бўлгани сабабли, бу маҳсулотларнинг нархи мамлакатда кескин кўтарилган. Бундан ташқари ушбу маҳсулотларга талаб борган сари ортиб бормоқда, гуручга бўлган талаб эса қисқармоқда. Шу сабабли мамлакатнинг 47 префектурасидан 37 тасида шоли майдонларининг қисқариши кутилмоқда.

Украинага қарши уруш очганидан 100 кун ўтиб, Россия қазиб олинувчи ёнилғилардан 93 млрд евро даромад қилган, деб ёзади Le Figaro. Уларнинг катта қисми — 61 фоизи Европа иттифоқига экспорт қилинган. Йирик харидорлар орасида Хитой, Германия ва Италия бор.

Германия денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Европа мамлакатларига газни ўзининг суюлтирилган табиий газ терминалларидан олишда ёрдам беради, деган ГФР канцлери Олаф Шольц. Германияда илк стационар СТГ терминали 2026 йилгача қуриб битказилади.

Еврокомиссия ЕИда фаолият олиб бораётган Alphabet, Google, Facebook, Twitter корпорациялари ва бошқа технологик компанияларни фейкларга қарши курашишга мажбурламоқчи, акс ҳолда уларга жарима қўлланилиши билан таҳдид қилинмоқда, деб ёзади Reuters.

Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати

Германия канцлери Олаф Шольц Россияга нисбатан сиёсатда адашганини тан олди.

Германия канцлери Олаф Шольц. Фото: myseldon.com

«Ҳаттоки кризис вақтида Россия ишончли иқтисодий ҳамкор, деган эски формула эндиликда ишламайди», — деган ГФР канцлери ва Германия «имкон қадар тезроқ» энергия ресурслари импортидан мустақил бўлиши кераклигини таъкидлади.

Италия бош вазири Марио Драги, Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция президенти Эммануэл Макрон Киевга 16 июн куни биргаликдаги ташрифини амалга оширмоқчи, деб ёзади La Stampa газетаси.

АҚШ Украинадаги вазиятдан чиқиши йўли музокараларда эканидан умид қилади, лекин бунга Россия томони тайёр эканини кўрмаяпти. Америка маъмурияти Киевнинг музокаралардаги позициясини мустаҳкамлашда давом этади.

АҚШ Украинанинг ЕТга тезкорлик билан қабул қилиниши борасидаги дебатларнинг боришига аралашмайди, чунки бу борадаги қарорни Европанинг ўзи қабул қилиши керак, деб ҳисоблайди, деган Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пиер. 

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид