Ўзбекистон | 11:53 / 15.06.2022
33218
2 дақиқада ўқилади

ХТВ ўқитувчиларга меҳнат таътили тўлови кечикаётгани юзасидан изоҳ берди 

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларга меҳнат таътили тўлови кечикаётгани юзасидан расмий баёнот билан чиқди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, вазирликка ўқитувчилар томонидан айрим ҳудудларда меҳнат таътили тўлови кечикаётгани ва камайтириб тўлаш ҳолатлари юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.  
  
Билдирилишича, 2022 йилда педагог ходимларга Меҳнат кодексига мувофиқ йиллик меҳнат таътили берилиб, бир йил давомида тўлиқ ишлаган ўқитувчиларга 48 кун ҳисобидан тўлиқ меҳнат таътили пуллари тўлаб берилади.

Ишга кирганига бир йил бўлмаган ўқитувчиларга эса меҳнат таътили пули уларнинг ишлаган даврига мутаносиб равишда тўланади. Бунда, меҳнат таътили даври 48 кундан иборат бўлади. 

Бугунги кунда "УзАСБО" дастурий мажмуасида меҳнат таътили тўловларини амалга оширишда кузатилган техник носозликлар тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда бартараф этилиб, ушбу тўловларни амалга ошириш имконияти қайта тикланган.  

Маълум қилинишича, бугундан бошлаб мактаб ходимларига меҳнат таътили тўловлари тўлаб борилади.  

Меҳнат таътили тўловларини амалга оширишда муаммо ва тушунмовчиликлар юзага келганда вазирликнинг 71 202-09-09 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкинлиги айтилган.

Мавзуга оид