Жаҳон | 12:50 / 16.06.2022
14719
5 дақиқада ўқилади

ОАВ Украина томонида жанг қилган АҚШ фуқаролари асирга олингани ҳақида хабар тарқатди 

Харков яқинидаги жангларда рус ҳарбийлари Украина томонида жанг қилган икки америкаликни асирга олган бўлиши мумкин.

Фото: Getty Images

Украина томонида жанг қилган АҚШ фуқаролари Александр Дрюке ва Энди Ҳюйн рус аскарлари томонидан асирга олинган бўлиши мумкин. Бу ҳақда 15 июнь, чоршанба куни The Telegraph нашри ва СNN телеканали америкаликларнинг ҳамкасблари ва яқинларига таяниб хабар берди.

The Telegraph манбаларига кўра, Дрюке ва Ҳюйн июнь ойи бошида, Харков шимоли-шарқидаги Избицкое қишлоғида жанг қилаётганда катта қийинчиликларга дуч келганидан кейин асирга олинган бўлиши мумкин.

«Ҳамма танклардан бири танкка қарши минада портлаб кетишини кутиб панага қочди, лекин Алекс ва Энди ўрмон бўйлаб бошқа томондан келаётган пиёдалар жанговар машинасини кўришди ва у кўпчиликни ўлдиришини тушунишди. Улар биринчи бўлиб ўқ узишди», - дея жангни тасвирлаб берган нашр суҳбатдошларидан бири. Газета манбаларига кўра, жавобан узилган ўқ америкаликларни карахт қилиб қўйган, шундан сўнг улар асирга тушган бўлиши мумкин. На қутқарув гуруҳи, на учирилган дрон Дрюке ва Ҳюйннинг изини топа олмади, дея қўшимча қилди улар. Кейинроқ ҳарбийлар Россия Telegram-каналларидан бирида икки америкаликнинг асирга олингани ҳақидаги хабарни кўриб қолган.

«Биз ёлланма аскарлар эмасмиз ва баъзи исёнчиларнинг бир қисми ҳам эмасмиз. Биз Украина қуролли кучлари қўмондонлиги остида хизмат қиламиз. Мен бедарак йўқолган ўртоқларим номидан гапиряпман, чунки уларнинг ғойиб бўлгани ҳақида ҳамма билишини истайман, шунда Россия олий қўмондонлиги ҳам бундан хабар топади. Умид қиламизки, бу уларнинг тинчгина ўлдириб юборилиши имкониятларини камайтиради», - деди The Telegraph суҳбатдошлари. 

АҚШ Давлат департаменти CNN телеканалига «Украинада қўлга олинган икки АҚШ фуқароси ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлардан хабардорлигини» билдирди. «Биз вазиятни диққат билан кузатиб боряпмиз ва Украина расмийлари билан алоқадамиз. Махфийлик нуқтайи назаридан, бизда ҳозирча бошқа изоҳ йўқ», - деди Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс. 

Оқ уй ҳам ОАВ хабарларини ҳали тасдиқлай олмаслигини маълум қилди, деди Пентагон матбуот котиби Жон Кирби. У «агар бу ҳақиқат бўлса, биз уларнинг уйларига хавфсиз қайтишлари учун ҳамма нарсани қиламиз» деди. 

«Бу биз америкаликларнинг Украинада жанг қилишига қарши эканлигимизни эслатиш учун муҳим вақт. Агар сизда Украинани қўллаб-қувватлаш иштиёқи бўлса, буни амалга оширишнинг хавфсизроқ ва самаралироқ бўлган бошқа кўплаб усуллари мавжуд. Украина америкаликлар саёҳат қилишлари мумкин бўлган», деди Кирби. 

Аскарлардан бирининг онаси CNN телеканалига АҚШнинг Украинадаги элчихонаси унинг ўғлининг қўлга олинганини ҳали тасдиқлай олмаганини айтди. Расмий равишда улар бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган. 

Июнь ойи бошида «ДХР» деб аталувчи ҳудуд суди британиялик Эйден Аслин ва Шон Пиннер, шунингдек, марокашлик Браҳим Саудунни ўлим жазосига ҳукм қилди. Улар «ёлланма аскарлар» деб тан олиниб, «ДХР»да ҳокимиятни эгаллаб олиш ва «конституциявий тузум»ни ағдаришга қаратилган ҳаракатларни содир этганликда айбдор деб топилди. 

«Женева конвенциясига кўра, ҳарбий асирлар жанговар дахлсизлик ҳуқуқига эга ва улар ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани учун жиноий жавобгарликка тортилмаслиги керак», - деди Британия бош вазири Борис Жонсоннинг матбуот котиби. Лондон Украина ҳукумати билан уларни имкон қадар тезроқ озод қилишга ҳаракат қилмоқда, деди у. Аслин ва Пиннер «Украина қуролли кучлари аъзолари сифатида Женева конвенцияси ҳимояси остида», дея билдирди Даунинг-стрит. 

Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс британиялик Эйден Аслин ва Шон Пиннерга нисбатан чиқарилган ҳукмни «қатъий қоралашини» айтди ва уни мутлақо ноқонуний деб атади. 

«ДХР»да ўлим жазосига ҳукм қилинган марокашлик Браҳим Саудун Украина фуқаролигига эга, демак, унга қарши ёлланма аскарлик моддаси бўйича айбловлар қўйилмаслиги керак, деди йигитнинг отаси Таҳар Саудун.

Эркаклар Украина армиясида расман хизмат қилган, шунинг учун улар жангчилар ҳисобланади ва шунга кўра қонун билан ҳимояланган, деди Германия Бундестагининг Инсон ҳуқуқлари ва инсонпарварлик ёрдами қўмитаси раиси Рената Альт. «Барча жараённинг ўзи бемаънилик, чунки бўлиниб чиққан минтақада мустақил суд тизими ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу ҳукмни Россия ва унинг тарафдорлари томонидан Буюк Британия ва Марокашга қарши шантаж қилишга уриниш сифатида талқин қилиш мумкин», - дейди у. 

Мавзуга оид