“Ўзбекнефтгаз”: “Ғарбий Қуйи Сургил” конига қарашли қудуқнинг 4154 метр тубидан янги табиий газ олинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 25 декабрь куни “Uzbekistan GTL” заводига ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида “Ишчи гуруҳ” ташкил қилиниб, Давлат геология қўмитаси, “Ўзбекгеофизика” АЖ ва ИГИРНИГМ давлат муассасаси, “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ билан ҳамкорликда нефть ва газ геология-қидирув ишлари, захираларни кўпайтириш, янги ва истиқболли майдонларни аниқлаш бўйича алоҳида ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, қудуқларни бурғилаш ва қазиб чиқариш бўйича мутахассислар, муҳандислар, геолог ва геофизиклар ҳамкорлигида амалга оширилаётган геология-қидирув ишлари доирасида 2021 йилда очилган “Ғарбий Қуйи Сургил” конидаги 2-сонли излов қудуғи 4198 метр чуқурликка муваффақиятли бурғиланди.
Олиб борилган бир қатор таҳлиллар натижасида, ушбу қудуқ тубининг 4154-4059 метр оралиқларида аниқланган қуйи юра қатламларини маҳсулдорликка синаш натижасида табиий газнинг саноат аҳамиятига эга оқимларини олишга эришилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги қудуқдан олинаётган маҳсулотнинг ҳажми кунлик 700-800 минг куб метрни ташкил қилмоқда. Якуний рақамларга эса ҳозирда тегишли институтлар томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар натижасида аниқлик киритилади.
“Ғарбий Қуйи Сургил” конининг ҳозирда мавжуд углеводород хомашёси ресурслари 7,5 млрд куб метр табиий газ ҳамда 265 минг тонна газконденсати маҳсулотларини ташкил қилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ҳозирда ушбу кондаги ишларни амалга оширишда Давлат геология қўмитаси ва унинг таркибидаги ташкилотлар ҳамда “Устюрт қидирув бурғилаш бошқармаси”нинг малакали кадрлари иштирок этишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ўтган даврида “Ўзбекнефтгаз”АЖ бўйича 758 кв.км 3D сейсмик-қидирув ишлари бажарилди, 4 та – Чўллиота, Мангуберди, Янги Алат ва Шарқий Арслон майдонлари бурғилашга киритилди ва 57,0 минг метр бурғилаш ишлари бажарилди.
Бунинг натижасида “Ниёз” – янги газконденсат кони очилиши билан биргаликда 2,0 млрд. метр кубдан ортиқ табиий газ ҳамда 103 минг тоннадан ортиқ суюқ углеводород захиралари кўпайтирилди.
Юқорида қайд этилганлардан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Устюрт регионида нефть ва газ геология қидирув ишларини кенгайтириш ва жадаллаштириш, янги майдонларни аниқлаш ҳамда 4500 метрдан ортиқ чуқурликларда жойлашган истиқболларни ўзлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш керакки, республикада нефть ва газ геология-қидирув ишларини ривожлантиришнинг асосий йўналиши сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди белгилаб олинганлиги, Устюрт минтақасида нефть ва газ геология-қидирув ишлари бўйича янги тадбирларни лойиҳалаштириш, уларни мақсадли амалга ошириш, табиий газнинг янги конларини очиш ҳамда қўшимча захираларини аниқлаш энг устувор вазифа қилиб белгилаб олинган.
Келгуси беш йилликда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 10 200 кв.км.дан ортиқ 3D сейсмик ишларни бажариш, 100 дан ортиқ янги майдонларни ўзлаштириш, 925 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишларини бажариш, 290 та қудуқларни қурилиш билан тугатиш ва натижада 177 млрд.м3 атрофида табиий газ ҳамда 6,5 млн.тоннадан ортиқ суюқ углеводород захираларини ўстириш мақсад қилинган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024