07:36 / 16.06.2022
27270

Энди талабаларга ўқишини кўчиришга фақат 2та ҳолатда рухсат берилади

Президент қарори билан, давлатга қарашли бир олийгоҳдан бошқасига ўқишни кўчириш тартиби қатъийлаштирилди. Эндиликда оила қурган талабанинг турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга ўқишини кўчириши ва давлат хизматчисининг иш жойи ўзгарганда унинг турмуш ўртоғи ёки 18 ёшга тўлмаган фарзанди ўқишини кўчириши мумкин.

Фото: Kun.uz

"Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида" президент қарори қабул қилинди.

Олий таълим вазирлигининг маълум қилишича, талабалар ўқишини давлат олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича янги тартиб жорий этилмоқда.

Унга кўра, давлат олий таълим муассасалараро талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:

  • талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
  • давлат органлари ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбари тавсияси асосида.

Бошқа ҳолларда бир давлат ОТМдан бошқасига (ҳудудидан қатъи назар) ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди.

Хорижий мамлакатлар ҳамда республикада фаолият юритаётган хорижий ОТМ филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича амалдаги тартиб сақланиб қолади.

Хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос бўлмаган ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди.

Top