Ўзбекистонлик ҳайдовчилар илк маротаба Афғонистон орқали Покистонга юк ташувларини амалга оширди
Ўзбекистонлик ҳайдовчилар илк маротаба Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон йўналиши бўйлаб юк ташувларини муваффақиятли равишда бажарди.
Жорий йилнинг 26-27 март кунлари Термизда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистоннинг йирик транспорт-логистика компаниялари, Халқаро автомобиль ташувчилари уюшмаси ҳамда транспорт ва божхона идоралари вакиллари иштирокида транспорт масалалари бўйича уч томонлама ишчи гуруҳи учрашуви ташкил этилди.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлатлари ҳудуди бўйлаб автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган.
Билдирилишича, уч томонлама саъй-ҳаракатлар натижасида бугун ушбу транспорт коридори тўлақонли фаолият юритиши, юклар қисқа фурсатда, хавфсиз равишда белгиланган манзилига етказилиши таъминланмоқда.
Вазирлик хабарида айтилишича, ўзбекистонлик ҳайдовчилар илк маротаба Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон йўналиши бўйлаб юк ташувларини муваффақиятли бажарди.
Тошкент – Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор – Карачи йўналиши бўйлаб 2760 километр йўлни босиб ўтган ўзбекистонлик ҳайдовчилар Карачи портидан ортилган юкни (музлатилган гўшт) бир ҳафтада Тошкентга етказиб келди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда бир неча йилдан буён ташқи савдода товар етказиб беришнинг жанубий йўналишлари ролини ошириш чоралари кўрилмоқда. Республика учун бу денгизга тезроқ ва арзонроқ чиқиш ҳисобланади.
Мавзуга оид
00:15
Покистонда Имрон Хоннинг 25 нафар тарафдорига ҳукм ўқилди
09:50 / 21.12.2024
Ўзбекистон ва Покистон "ақл марказлари" ўртасидаги ҳамкорлик кенгаяди
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
18:20 / 18.12.2024