Ўзбекистон | 17:46 / 17.06.2022
22614
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел келиш хавфи эълон қилинди

18-22 июн кунлари 9 та вилоятнинг тоғли ҳудудларида ёмғир ва дўл ёғиши оқибатида сел-сув тошқинлари юз бериши хавфи бор. «Ўзгидромет» фуқаролардан эҳтиёт чораларини кўришни сўрамоқда.

Фото: KUN.UZ

Гидрометеорология хизмати маркази томонидан берилган маълумотга кўра 18-21 июн кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол 18-23 м/с гача, 20-21 июнда эса 23-28 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг тўзонлари кузатилиши мумкин.

18-19 июнда Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.

20-22 июнда Ўзбекистон бўйлаб вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида кучли ёмғир ва айрим ҳудудларда дўл ёғиши мумкин.

18-22 июн кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида, жумладан:

  • Қашқадарё вилояти: Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида;
  • Сурхондарё вилояти: Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробод туманларида;
  • Самарқанд вилояти: Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманларида;
  • Навоий вилояти: Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида;
  • Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида;
  • Тошкент вилояти: Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида;
  • Наманган вилояти: Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида;
  • Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона, Бешариқ туманларида;
  • Андижон вилояти: Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонобод шаҳрида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

«Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролардан, дам олувчилардан ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Мавзуга оид