Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларига айрим харажатлар учун компенсация тўланиши белгиланди
Президент томонидан имзоланган қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.
“Ўзбекистон референдуми тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида маълум қилади (илгари 15 кун эди).
Кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида 3 кун олдин хабардор қилиши керак.
Сиёсий партиялар аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органлари, судлар мансабдор шахслари, фуқаролар ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатлари ва бошқа харажатлар ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади.
Референдум ўтказувчи участка комиссияси хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланди.
“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутати мақоми тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, сайлов округи ҳудуди бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказилганда ёки унинг ҳудудида янги маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилган тақдирда, ушбу сайлов округидан сайланган депутат ваколатлари сақлаб қолинади.
Сайлов кодексига “Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови” ҳамда “Ўзбекистон маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонунга “Маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари ҳал этилаётганда сайлов округлари чегараларини ўзгартириш” моддалари киритилди.
Мавзуга оид
23:01 / 06.11.2024
Қатар аҳолиси парламент сайловларидан воз кечишга овоз берди
11:10 / 01.11.2024
Молдова КС ЕИга интеграция бўйича референдум натижаларини маъқуллади
21:07 / 21.10.2024
Молдова фуқаролари Европа Иттифоқига қўшилишни ёқлаб овоз берди
19:18 / 19.10.2024