АҚШ Киевга тўртта жанговар дрон етказиб бериш жараёнини тўхтатди - Reuters
Reuters хабарига кўра, Пентагон илғор эҳтиёт қисмлар Россия қўлига ўтиши хавфи туфайли MQ-1C Gray Eagle’ни Киевга сотиш режасини тўхтатган.
Жо Байден маъмуриятининг АҚШнинг Hellfire ракеталарини олиб юриши мумкин бўлган тўртта MQ-1C Gray Eagle разведка-зарбали учувчисиз учиш аппаратини Украинага сотиш режаси жиҳозлар душман қўлига ўтиши мумкинлигидан хавотирлар туфайли тўхтатиб қўйилди. Бу ҳақда 17 июнь, жума куни Reuters агентлиги икки манбага таяниб хабар берди.
Техник эътирозлар АҚШ ҳарбий технологиялари хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган Пентагон бошқармаси томонидан батафсил кўриб чиқиш чоғида билдирилган. Аввалроқ, март ойидан бери муҳокама қилинган сотув Оқ уй томонидан маъқулланганди, деди агентликнинг уч нафар суҳбатдоши.
Эътирозлар дронлардаги радар ва оптик-электрон тизимлар Россия ҳарбийлари қўлига тушиб қолса, АҚШ хавфсизлигига таҳдид солиши билан боғлиқ.
Агентлик манбаларининг айтишича, бу мулоҳаза дастлаб эътиборга олинмаган, лекин ўтган ҳафта охирида Пентагондаги учрашувларда кўтарилган.
«Технологиялар хавфсизлигини текшириш Америка мудофаа маҳсулотларини барча халқаро ҳамкорларга топширишда стандарт амалиётдир. Барча ҳолатлар ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида кўриб чиқилади. Белгиланган жараённинг бир қисми сифатида миллий хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар тегишли тасдиқлаш органига етказилади», деди АҚШ ҳарбий идораси вакили Сью Гоф.
Келишувга рухсат бериш ёки бермаслик масаласи Пентагондаги юқори идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда, бироқ қарор қабул қилиш вақти номаълум, деди Reuters агентлигига манба.
Муросага келиниши мумкин бўлган жиҳатлардан бири компонентларни нисбатан эскироқ вариантлари билан алмаштириш бўлиши мумкин, аммо бу бир неча ой давом этади, деди манбалардан бири. Аммо, келишув АҚШ конгресси томонидан блокланиши мумкин.
АҚШ президенти Жо Байден 1 июнь куни Украинага HIMARIS ялпи ўт очиш реактив тизимларини ўз ичига олган янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Ушбу тизимлар 80 километргача бўлган масофадаги объектни аниқ нишонга олиш имкониятига эга. «АҚШ украиналик ҳамкорларимизни қўллаб-қувватлайди ва Украинани қурол-яроғ ва мудофаа воситалари билан таъминлайди», — деди Байден.
Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети ҳажми 700 миллион долларни ташкил этишини маълум қилди.
Мавзуга оид
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024
Трамп лавозим тақсимламоқда: Пентагон журналистга, Маскка янги департамент
21:24 / 13.11.2024