100 мингга яқин талабаларимизни ўша-ўша, маънан эскирган китоблар кутиб турибди. Бу аҳволда ривожланиш бўлмайди.

Учинчи ренессанс дедик... Миллий ғоя сифатида ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайман, аммо бу иборани уриниш-ҳаракатларсиз ишлатиш унинг меъдага тегиши ва алал-оқибат хонавайрон бўлишига олиб келади. Самара сўзда эмас, амалда. Ривожланиш эса илмсиз бўлмайди, илм эса замон талабига жавоб берадиган китобларда.

Аждодларимиз интернет тугул, босмаҳоналар ҳам йўқ бўлган даврда китобларни таржима қилишни қойиллатишган. Бу борада “Халқ сўзи” газетасида яқинда чиққан бир мақолада ўқиб қолдим:

“Байтул ҳикмада 40 дан ортиқ таржимонлар қадимги юнон тилидан, 14 нафар таржимон санскрит тилидан, 4 нафар таржимон Хитой тилидан илмий, тиббий ва фалсафий асарларни арабчага ўгирган. Бундан ташқари, лотин, сурёний, иброний тиллардан таржимонлар бўлган. Илмий ҳақиқат диний мансубликдан устун қўйилган. Бу асар мажусийларники, буниси кофирларники деб инкор қилинмаган. Аждодларимиз тил ўрганиб, илм ортидан дунёни кезган. Маҳдудлик қобиғига ўралиб қолмаган, турғунлик, маҳаллийчилик уларга ёт бўлган”.

Демак, Ислом Ренессансининг асосида инсон зоти учун фойдали илмларнинг кенг қабул қилиниши ва асарларнинг оммавий равишда таржимаси ётган экан. Аждодларимиз қийинчиликларга қарамай 50 дан ортиқ таржимонларни бир жойга йиғиб, уларни жаҳоннинг энг муҳим асарларини таржима қилиш ишига йўналтирган эканлар. Кейинчалик ушбу асарлар Ғарбга қайта экспорт қилиниб, Оксфорд ва Кембриж каби университетларда дарслик сифатида ўқитилган. Улар ушбу асарларни ўрганиб, улар асосида ўзларининг янги асарларини ёзишган ва ёзишмоқда – илмни ривожлантиришган.

Биздачи, 21 аср келиб, ресурс ва имкониятимиз борлигига қарамай:

  • ҳалигача бундай илмий таржимонлик институти ташкил этилгани йўқ,
  • ҳалигача миллатимиз фарзандлари учун Ғарб ва Шарқнинг энг муҳим илмий дарсликлари она тилимизда тақдим этилгани йўқ, 100га яқин давлат университети, ўнлаб тадқиқот институтлари мавжудлигига қарамай, олий ва ўрта таълим босқичидаги 800 мингдан зиёд талабалар учун энг керакли дарслик ва қўлланмалар тизимли равишда таржима қилинмаяпти.