Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
RT телеканали Украинада бедарак йўқолган АҚШ ҳарбийлари акс этган видеони намойиш этди
АҚШ ҳарбий хизматчиси Энди Ҳьюн RT телеканалига берган интервьюсида Александр Дрюке билан биргаликда Харков вилоятида украиналиклар томонида жанг қилганини айтди. АҚШ Давлат департаменти аввалроқ Украинада уч америкалик ғойиб бўлгани ҳақида хабар берган эди.
Россиянинг RT давлат телеканали уруш пайтида Украинада ғойиб бўлган америкалик ҳарбийлар акс этган видеони эълон қилди. Журналист Роман Косарев 17 июнь, жума куни кечқурун Telegram мессенжерида ўзини собиқ америкалик ҳарбий хизматчи Александр Дрюке деб таништирган шахс онасига мурожаат қилган видеони жойлаштирди, у тирик экани ва имкон қадар тезроқ уйига қайтишга умид қилаётганини айтган.
Худди шу куни RT Telegram-каналида Энди Ҳьюн билан интервью пайдо бўлди, у Дрюке билан Украинанинг Харков вилоятида «рус қўшинларига қарши жангларда» қатнашганини билдирган. Айтилишича, Дрюке ва Ҳьюн Украина армияси томонида кўнгиллилар сифатида жанг қилган. RT томонидан эълон қилинган видеода Ҳьюн Дрюке билан Харков вилоятидаги отишмалар пайтида орқага чекинганини ва Россия армиясига таслим бўлишдан олдин бир неча соат яширинганини таъкидлаган.
Хабар эълон қилинаётган вақтда америкалик ҳарбий хизматчиларни ким асирга олгани ва суратга олиш тафсилотлари ҳақида ҳеч қандай маълумот келиб тушмаган.
АҚШ Давлат департаменти вакилининг айтишича, Қўшма Штатлар расмийлари «Украинада Россия кучлари томонидан қўлга олингани хабар қилинган» икки америкаликнинг фотосуратлари ва видеоларини кўрган. АҚШ ҳукумати вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Жозеф Байден ватандошларини Украинага саёҳат қилишдан тийилишга чақирди. Аввалроқ Оқ уй Украинада АҚШнинг учинчи фуқароси бедарак йўқолганини маълум қилганди.
Июнь ойи бошида ўзини «Донецк халқ республикаси» деб эълон қилган ҳудуднинг «Олий суди» Буюк Британия фуқаролари Шон Пиннер ва Эйден Аслинни, шунингдек, Марокаш фуқароси Саадун Браҳимни Украина томонидаги жанговар ҳаракатларда қатнашганликда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилди.