1 июлдан тонировка бепул бўлиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. ИИВда бу ҳақда маълумот йўқ
Интернет фойдаланувчилари 1 июлдан автомобиллар ойнасини қорайтириш учун белгиланган тўловлар бекор қилиниши кутилаётгани ҳақида ёзишмоқда. Kun.uz бу миш-мишлар қанчалик ҳақиқатга яқин эканига ойдинлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлигидан изоҳ олди.
Шу кунларда 1 июлдан тонировка учун тўловлар бекор қилиниши кутилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Kun.uz ушбу миш-мишлар қанчалик ҳақиқатга яқин эканига ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди.
«Ҳозирча автомобиль ойналарини қорайтириш 1 июлдан бекор қилиниши бўйича бизда маълумот йўқ. Бу борада расмий маълумотга эга бўлишимиз билан бу ҳақда ИИВнинг расмий саҳифаларида эълон қилинади», деган ИИВ расмийси.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда тонировкани бекор қилиш сўралган мурожаатлар яна кўпайди. Бунга йилдан йилга жазирама тафти кучайиб бораётгани, 40–50 даража иссиқда қорайтирилган ойналар ҳузур-ҳаловат эмас, ҳаётий эҳтиёж ҳисобланиши бот-бот такрорланмоқда. Интернет фойдаланувчилари давлат ва ҳукумат масъулларига мурожаат қилиб, фуқароларнинг талабларига эътибор қаратишни сўрашмоқда.
Аслида апрель ойидаёқ интернетда фойдаланувчилар автомобиль ойналарини қорайтиришни бепул қилишни сўраб челленж бошлашган, кўплаб ўзбекистонликлар ўз саҳифаларига #тонировка_жиноят_эмас ҳештеги билан видеолар жойлашганди.
Бир неча кун муқаддам Kun.uz блогер Шавкат Ҳасаннинг видеомурожаати ҳақида ёзган эди. У машинасининг орқа ён ойналарига ёпиштирилган тонировка муддати 1 ҳафта олдин тугаганини ЙПХ ходими тўхтатганида билган, шундан сўнг 7,5 млн сўмлик жарима миқдори ойнани қасддан ноқонуний қорайтирган фуқароларга ҳам, рухсатнома муддати ўтган фуқароларга ҳам бирдек баравар эканидан норози эканини айтганди.
Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов ҳам Ўзбекистонда охирги вақтларда ёз ҳаддан зиёд иссиқ бўлаётгани, шу сабаб автомобиллар ойнасини қорайтиришни бепул қилиш кераклиги, тонировка учун тўловларнинг бекор қилиниши аслида инсон қадрининг бир кўриниши эканини таъкидлаганди.
Алламжоновнинг ушбу чиқиши жамоатчилик фаоллари томонидан илиқ кутиб олинди. Жумладан, депутат Расул Кушербаев ҳам бу фикрга қўшилишини маълум қилди. «Дарҳақиқат тонировка жиноят эмас, халқ ҳисобидан, бюджетдан тонировка қилдириш жиноят. Гап эгасини топади», деб ёзганди у.
Апрел ойида ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров Kun.uz саволига жавобан тонировка масаласида енгиллик берилиши кутилмаётганини маълум қилганди.
Бир йил олдин эса тонировка нархини камайтириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани айтилган, шундан кейин расмийлар бу мавзуни бошқа кўтармаган эди.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар учун автомобил ойналарини қорайтиришга рухсат олиш тўлови қуйидагича:
- орқа ён ойналар – йилига 4,5 БҲМ (1 млн 350 минг сўм);
- барча ён ойналар – йилига 45 БҲМ (13 млн 500 минг сўм).
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига кўра, автомашинани рухсатсиз «тонировка» қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари — 7,5 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари — 12 млн миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Мавзуга оид
16:22 / 09.07.2024
Ислоҳотлар агентлиги маъмурий жарималарни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар билдирди
08:46 / 01.08.2023
«Кўзойнак учун пул тўламаймиз, аммо “тонировка сояси” учун тўлаяпмиз» — адвокат
14:05 / 22.07.2023
«Тошшаҳартрансхизмат»нинг барча автобуслари «тонировка» қилинади
16:42 / 26.05.2023