Жаҳон | 20:37 / 20.06.2022
14752
1 дақиқада ўқилади

Германияда россиялик депутатнинг кўчмас мулклари мусодара қилинди

Барча хонадонлар Мюнҳенда жойлашган бўлиб, уларнинг ижарасидан депутатнинг ҳисобрақамига ойига 3,5 минг еврога яқин пул тушган.

Фото: Sven Hoppe, dpa

Мюнҳен прокуратураси Россия фуқаросининг учта хонадонини мусодара қилди ва банкдаги ҳисобрақамларини хатлади, деб маълум қилди катта прокурор Анне Ляйдинг.

Прокурорнинг сўзларига кўра, бу Германияда нафақат ҳисобрақамлар, балки кўчмас мулклар ҳам музлатиб қўйилган биринчи ҳолат ҳисобланади.

Қайд этилишича, кўчмас мулклар 23 феврал куни ЕИ санкцияларига тушган давлат думаси депутати ва унинг хотинига тегишли. Süddeutsche Zeitung газетасининг ёзишича, у КПРФ аъзоси ҳисобланади, депутатнинг исм-шарифи ошкор қилинмаган.

Барча хонадонлар Мюнҳенда жойлашган бўлиб, уларнинг ижарасидан ойига 3,5 минг еврога яқин пул тушган, дея маълум қилди прокуратура вакили.

Газетанинг ёзишича, депутат ва унинг хотинига санкцияларни бузганлиги бўйича айблов эълон қилиниши кутилмоқда. Агар улар Германияга келса ва судланса, беш йилгача қамалишлари мумкин.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид