Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Молдова президенти Россия ахборот дастурларини тақиқлаш тўғрисидаги қонунни имзолади
Янги қонун Россия янгиликлар ва таҳлилий дастурларини Молдовада намойиш қилишни амалда тақиқлайди. Бундай тақиқ Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери амалда бўлган.
Молдова президенти Майя Санду ахборот хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни имзолади, унга кўра Трансчегаравий телевидение тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилмаган давлатлардан, шу жумладан Россиядан янгиликлар ва таҳлилий контентни кўрсатиш тақиқланади. Бу ҳақда республика телевидение ва радио бўйича кенгаш раҳбари Лилиана Вицу маълум қилди, деб ёзади IPN маҳаллий ахборот агентлиги.
Вицунинг сўзларига кўра, қонун кейинги ҳафтада эълон қилинади ва кучга киради, шундан сўнг нотўғри маълумотлар ва чалғитувчи контентни тарқатиш учун ОАВ фаолиятини вақтинчалик блоклашгача бўлган жарималар қўлланилади.
Қонунда дезинформация «шахсга, ижтимоий гуруҳга, ташкилотга ёки давлат хавфсизлигига зарар етказиш мақсадида яратилган ёлғон маълумотларни қасддан тарқатиш» деган маънони англатади. Уни тарқатганлик учун 40 минг лейдан 100 минг лейгача (2 мингдан 5 минг еврогача) жарима, шунингдек, эшиттириш лицензиясини 7 кунгача тўхтатиб туриш назарда тутилган. Телерадиокомпания кенгаши қонун ижросини назорат қилади.
Парламентдаги овоз бериш чоғида қонун 101 депутатдан 54 нафари томонидан қўллаб-қувватланди – уларнинг барчаси ҳукмрон «Ҳаракат ва бирдамлик» партияси аъзолари. Мухолифат қонунни кескин танқид қилди. «Бу биринчи навбатда Молдовада Россия телевидениесини йўқ қилишга қаратилган ва биз ҳар қандай тақиқларга қаршимиз», деди коммунист депутат Константин Стариш DW нашрига.
Россия Трансчегаравий телевидение бўйича Европа конвенциясини 2006 йилда имзолаган, аммо уни ратификация қилмаган, яъни Россия контентига нисбатан қонун ишлайди. Украинада уруш бошланганидан бери Молдовада Россиянинг сиёсий ва ҳарбий янгиликлари Фавқулодда вазиятлар комиссияси қарори билан тақиқланган. Қонун қабул қилиниши билан бу тақиқ чексиз муддатга узайтирилади.
Молдовада русча контентни қайта трансляция қилиш Молдовада Primul in Moldova (Молдовада "Первий"), НТВ-Молдова, РТР-Молдова каналлари томонидан амалга оширилган. Ижтимоий сўров натижаларига кўра, улар томошабинлар танловининг энг яхши ўнталигига кирган.
2017 йилда Молдова парламенти Россия янгиликларини амалда тақиқловчи Радиоэшиттириш кодексига тузатишларни қабул қилди. Кейин қонун атрофидаги муҳокама икки йил давом этди. Россия давлат думаси буни «Россияга қарши яна бир ҳаракат» деб атади.
Ўша пайтда мамлакат президенти бўлган Игор Додон қонунни эълон қилишдан бош тортиб, уни «аксилдемократик» деб атади ва ҳужжатни парламентга қайтарди. Эртаси куни парламентдаги кўпчилик депутатлар уни яна ўша таҳрирда, президент фикрини инобатга олмай қабул қилган. Додон яна қонунни рад этган, бироқ у иккинчи тақдимномадан кейин уни эълон қилишга мажбур эди. Натижада Молдова Конституциявий суди Додонни вақтинчалик лавозимидан четлатиб, президентлик ваколатларини парламент раиси Андриан Кандуга топширди, у эса тузатишларни имзолади. 2020 йилда қонун Додонни қўллаб-қувватлаган Социалистлар партияси ташаббуси билан бекор қилинди.
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
18:11 / 12.06.2026
Uzbekistan Airways ёнилғи танқислиги туфайли Ўзбекистондан Россияга айрим парвозларни қисқартиради
17:21 / 12.06.2026