Жамият | 21:08 / 21.06.2022
24044
2 дақиқада ўқилади

3 сотихда 30 хил ҳосил — кичик ҳовлидаги катта томорқа

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Гулқишлоқ маҳалласида яшовчи Кўпайсин Иномова оиласи билан бирга 3 сотихли томорқасида баъзилар 15-20 сотихда ололмаган ҳосил ва даромадини олишга ҳаракат қилмоқда.

Қопга экилган картошка, унинг ёнига экилган райҳон, турли гуллар, маккажўхори, булғор қалампири, помидор, бодринг ва яна кўплаб сабзавотларни ҳамда ҳар хил мева, гулларни 3 сотих ерда етиштираётган Кўпайсин Иномова томорқадаги бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмаган. У турмуш ўртоғи, фарзанди ва набираси билан бирга кичик томорқадан катта ҳосил олиш усулини йўлга қўйган.

Томорқа кичкина бўлишига қарамасдан, экинларга табиий ўғит етказиш мақсадида биогомус ҳам етиштирилмоқда.

Бизни ҳайратга солган ҳолат биргина сабзи ўсимлигининг уч мавсум қилиб етиштирилиши бўлди. Яъни ҳозиргиси эрта пишган, ниш отиб ердан куртаклари чиққан оралиқ ва энди экишга мўлжалланган кузги сабзи.

Томорқада бир маҳсулот пишиб тугаши билан ўрнига бошқа сабзавот экилади. Кичик иссиқхонадаги лимон ва мандаринлар остига эса булғор қалампири, ўсма ва бошқа ўсимликлар экилган.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, оилада иш ҳар кун бомдод намозидан кейиноқ бошланади. Томорқадаги ишларидан ташқари ўғли Абдуназар Иномов опалубка (бетон қуйиш ишларида ишлатиладиган мосламалар) ижарага бериш, юк ташувчи мотоцикл билан аҳолига қурилиш ва хўжалик молларини ташиш орқали пул топади.

“Томорқадан даромад олиш ёки рўзғорга маҳсулотлар етиштиришда дангасалик қилиш ёки баҳона қилиш ярамайди”, дейди Кўпайсин опа.

Унинг фикрича, икки туп помидор ёки иккита сабзи ёки бодринг экиб, уни парвариш қилиб, ундан уруғини олиш ва ундан кўчат етиштириб сотиш ёки уни парваришлаб тирикчилик қилиш мумкин.

Мавзуга оид