Ўзбекистон | 12:00 / 21.06.2022
9521
3 дақиқада ўқилади

Агробанкнинг молиявий кўмаги ёрдамида Ўзбекистондаги яна бир йирик лойиҳа ишга тушди

Фото: Агробанк

Агробанк стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланган тадбиркорлик субъектларини фаол қўллаб-қувватлаш эканлигидан келиб чиқиб, банк кичик бизнес лойиҳалари билан бир қаторда йирик саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини ҳам молиялаштириб келади. 

Шундай йирик лойиҳалардан бири — Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида "TERMEZ NATIONAL CARPETS" МЧЖ ташаббусида ишга туширилган, йилига 4,5 миллион кв.м. ўлчамдаги гиламлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган лойиҳадир.

Вилоят учун бундай тадбиркорлик лойиҳаси, шубҳасиз кўлами ва бизнес йўналиши жиҳатидан ўзига хос ҳисобланади. Лойиҳанинг жами қиймати 22,2 миллион евро бўлиб, шундан 15,5 миллион евролик қисми Агробанк томонидан молиялаштирилган.

Ўтган ҳафта, аниқроғи 16 июнь куни бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқ фаоллари учун айнан шу лойиҳа манзилида пресс-тур ташкиллаштирилди. Ушбу пресс-турдан кўзланган асосий мақсад — журналист ва блогерларга лойиҳани бевосита жойида кузатиш, у тўғрисида батафсил маълумот бериш ҳамда улар орқали халққа Агробанкнинг йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги фаоллиги бошқа йўналишлар каби жадал эканлигини кўрсатишдан иборат бўлди.

Мазкур фабрикага Агробанк жалб қилган кредит линияси маблағлари ҳисобига, Европанинг энг илғор ва замонавий гилам ишлаб чиқариш станоклари сотиб олиб келиниб, ўрнатилган. Шу сабабли маҳсулот сифати юқори. Бу эса ўз навбатида, корхонанинг гилам маҳсулотларига нафақат ички бозор, балки қўшни давлатларда ҳам талаб пайдо бўлишига замин яратган.

Бугунги кунда тайёр маҳсулотнинг 45 фоизи қўшни давлатлар — Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистонга экспорт қилинмоқда. Вилоятнинг географик жойлашуви масофа ва маҳсулот логистикасига ҳам қулайлик туғдиради.

Пресс-тур давомида корхона вакиллари лойиҳа тўғрисида алоҳида тақдимот ташкиллаштиришди. Корхона бош технологи Камол Алимовнинг айтишича, бугунги кунда корхонада 250 дан ортиқ одам меҳнат қилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йиллик маҳсулот сотуви 34,1 млн евро, соф фойда миқдори эса 5,6 миллион евродан ортиқ бўлиши кутилмоқда.

Корхона вакиллари лойиҳанинг ишга тушиш жараёнида Агробанкнинг ўрни катта эканлигига алоҳида урғу беришди. Хусусан, банк ходимлари мазкур лойиҳа йўлга қўйилишининг барча босқичларида фаол иштирок этганлиги алоҳида қайд этилди.

Журналист ва блогерларга лойиҳанинг бошқа эътиборга молик жиҳатлари, ишлаб чиқариш жараёни, хусусан хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичлар батафсил тушунтирилди.

Мазкур пресс-тур ҳар томонлама тубдан трансформацияланиш жараёнларини амалга ошираётган банкнинг ушбу йўналишдаги ютуқларини зимдан кузатиш имконини яратган тадбир бўлди дейиш мумкин.

Агробанк матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид