Фуқаролардан Конституциявий ислоҳотлар доирасида кундалик ҳаётга доир кўплаб маиший таклифлар ҳам келиб тушмоқда. Бу ҳақда Конституциявий комиссиянинг 17 июн кунги йиғилишида комиссия раиси, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов айтиб ўтди.
“Жудаям тўғри таклифлар бор, лекин бизнинг Конституциямиз даражасида бўлмаганлари ҳам бор. Масалан, Йўл ҳаракати хавфсизлигига доир таклиф юборилган: “Ҳозирги кунда ЙХҲ қоидаларига амал қилмайдиганлар кўп, шунинг учун кўп нохуш ҳодисалар юз беряпти. Шуларни бартараф этиш мақсадида қатъий чоралар кўриш керак. Яъни қоидани бузганларга бир йил давомида ҳайдовчилик гувоҳномасини [қайтариб] бермаслик керак. Ундан кейин, бошидан назорат остида ўқитиб, комиссия олдида имтиҳон топшириши керак”, деган талаблар қўйилмоқда.
Бу кундалик воқеа жуда кўпчиликни безовта қиляпти. Тўғри таклиф, лекин Конституция даражасидаги таклиф эмас. Шунинг учун йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи бу таклифни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни кўраётганда эътиборга олиш мумкинлигини айтмоқда.
Яна бир таклифда “Тонировкани бепул қилинглар, халқнинг бошини офтоб уриб, иссиқдан азият чекяпти”, дейилган. Жудаям тўғри, лекин буни Конституцияда ёзолмаймиз. Буни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддаси “Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш”ни чеклашга доир норма бор. Шу ерда қилиш мумкин”, – деди Акмал Саидов.
«Мантиқсиз ва инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи» — адвокат «тонировка дискриминацияси» ҳақида
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда 1 июлдан автомобиллар ойнасини қорайтириш учун белгиланган тўловлар бекор қилиниши ҳақида хабарлар тарқалди, Kun.uz'га изоҳ берган ИИВ бундай масалада хабари йўқлигини билдирди.
















