Жаҳон | 10:49 / 21.06.2022
19026
9 дақиқада ўқилади

Украинадаги уруш: томонларнинг баёнотлари, дунё муносабати, ёрдам ва санкциялар

Россия армиясининг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга оид кечаги кун расмий хабарлари ва янгиликларнинг қисқача шарҳи билан танишинг.

Украина томонининг баёнотлари

Украина президенти Володимир Зеленский Халқаро сиёсий студиялар институтининг глобал сиёсат бўйича форуми очилишида Россия армияси Харкивга ҳужум қилиш ва Словянскни эгаллаш учун куч тўплаётганини таъкидлаган.

Украина президенти Володимир Зеленский. Фото: president.gov.ua

«Айни пайтда россия армияси Харкивга яна ҳужум қилиш учун куч тўпламоқда. Биз бу ҳудудни оккупациядан халос этган эдик. Улар яна босиб олишни исташмоқда, биз буни кўриб турибмиз. У ерда бир ярим миллион аҳоли яшайди. Миколайив шаҳрини ҳам доим бомбардимон қилишмоқда – у ерда қарийб миллион киши яшайди. Словянск шаҳрини эгаллаб, тўлиқ вайрон қилишмоқчи — урушгача у ерда юз минг аҳоли яшаган», — деган Зеленский.

Зеленский Украина оккупантларни тўхтатиш ва одамларни ҳимоя қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилишини, бироқ бунинг учун уларга замонавий қурол ва қўллаб-қувватлов кераклигини таъкидлаган.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович уруш бошланганидан буён Украина армияси 10 минг аскарини қурбон бергани, яна 30 минг киши яралангани тўғрисида маълумот берди.

«Шуни ҳисобга олиш керакки, яраланганларнинг 96–98 фоизи яна армияга қайтиш истагини билдиришган», — деган Арестович.

Украинада қуриладиган барча янги турар жойлар бомбадан ҳимоя қилувчи панажойларга эга бўлиши шарт. Украина Олий радаси бу ҳақда қонун қабул қилди.

Украина қуролли кучлари бош штаби аввалги сутка ичида эришилган натижалар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • Шахсий таркиб — 200 нафар (24 февралдан буён — 33800), танклар — 9 та (1477), зирҳланган жанговар техника — 11 та (3588), артиллерия /бирваракайига ўт очиш реактив тизимлари — 4/3 та (749/238), ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари — (97), самолётлар/вертолётлар — 0/0 (216/181), оператив-тактив пилотсиз учар қурилмалар — 3 та (601), қанотли ракеталар — 0 (130), автомобил техникаси ва ёнилғи цистерналари — 4 та (2527), кемалар/катерлар — (13), махсус техника — (55).

 

Россия томонининг баёнотлари

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия энди ҳеч қачон ғарб давлатларига ишонмаслигини таъкидлаган. Бу ҳақда у NBC телеканали мухбирига берган интервюсида айтиб ўтган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Фото: ТАСС

«Ҳа, бу жуда узоқ давом этувчи жараён бўлади. Биз ортиқ ҳеч қачон Ғарбга ишонмаймиз», — деган Песков.

Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • Юқори аниқликдаги ракеталар билан Одессадаги Арциз аэропортига зарба берилган. 12 та артиллерия взводи, 11 та бирваракайига ўт очиш реактив тизими ва 2 та М777 гаубицаси йўқ қилинган.
  • Тезкор-тактик авиация томонидан Украина ҚК тирик куч ва техникаларнинг 47 та нуқтаси йўқ қилинган.
  • Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Украинанинг МиГ-29 самолёти, 9 та пилотсиз учар қурилмаси уриб туширилган.
  • Ракета қўшинлари ва артиллерия томонидан тирик кучлар ва ҳарбий техникаси жамланган 148 та нуқтаси, артиллерия бўлинмаларининг 59 та ўт очиш позицияларига зарба берилган. 450 аскар, 13 та танк, 16 та махсус автомобил йўқ қилинган.
  • Махсус операция бошланганидан буён Украина ҳарбий техникалари йўқотишлари: 208 та самолёт, 132 та вертолёт, 1260 та пилотсиз учар қурилма, 345 та зенит ракета мажмуалари, 3696 та танк ва бошқа жанговар зирҳли машиналар, 576 та бирваракайига ўт очиш реактив тизими қурилмалари, 2055 та дала артиллерияси ва миномёт қуроллари, шунингдек, 3731 бирликда махсус ҳарбий автомобил техникаси.

 

Украинага кўмак

Яқин кунлар ичида Европа Иттифоқи Украина учун 9 млрд евролик молиявий пакет деталларини узил-кесил ойдинлаштиради, деб ёзади Bloomberg. Киевга янги ёрдам пакети «қарзнинг асосий суммасини қайтаришга 10 йиллик имтиёз даврига эга 25 йиллик кредит»дан иборат бўлади. Нашр манбаларига кўра, фоизлар ЕИ бюджетидан қопланади.

Европа Иттифоқи 2022 йил сўнгига қадар Украинага 9 млрд евролик кредит бериши ҳақида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен эълон қилган эди.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен. Фото: aussiedlerbote.de

Пентагон ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги транши доирасида Украинага 4 та ракета қурилмаси жўнатишга тайёрланмоқда, деб ёзади Politico нашри.

Украина ва Буюк Британия Украинани инфратузилмавий тиклаш тўғрисидаги меморандум имзолади. Томонлар жараёнда Британия бизнеси вакиллари иштирок этишини ҳам келишиб олишди.

Канада ва Нидерлания ҳам Украинани тиклашда ёрдам беришади. Бу ҳақда Канада бош вазири Жастин Трюдо нидерландиялик ҳамкасби Марк Рютте билан телефон орқали суҳбатда баён қилишган.

Тайван Бучани тиклаш учун маблағ беради. Бу ҳақда Буча шаҳри раҳбари Анатолий Федорукнинг Тайван ташқи ишлар вазири Жозеф Ву билан онлайн учрашувида келишувга эришилган.

Тайван ташқи ишлар вазири Жозеф Ву. Фото: catdumb.com

«Бизга агрессорларнинг Буча шаҳрида қолдирган азоблари, қотилликлари ва вайронагарчиликлари маълум. Бучадаги ваҳшийлик — бу судда жавоб берилиши, айбдорлар жазоланиши керак бўлган ҳарбий жиноятлардир. Тайван келгусида ҳам украиналикларни қўллаб-қувватлайди ва тикланишда ёрдам қўлини чўзади», — деган Жозеф Ву.

АҚШнинг 82-ҳаво десант бригадаси Польшага келди. Улар Украина ҳарбийларини ўқитиш билан шуғулланишади.

Венгрия Украина буғдойини Қора денгиз портларидаги анъанавий йўналишлар блокада қилингани фонида ўз ҳудуди орқали чиқаришда ёрдам бериши мумкин, деган Венгрия ТИВ раҳбари Петер Сийярто.

«Биз Украинадан жаҳоннинг бошқа қисмлари, асосан Шимолий Африка ва Яқин Шарққа жўнатилаётган ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини Венгрия ҳудуди орқали ўтказиш таклифини эълон қилдик», — деган Сийярто.

 

Санкциялар, оқибатлар ва уларга қарши чоралар

Россиянинг Буюк Британиядаги элчиси Андрей Келинга «алоҳида кўрсатмага қадар» Британия парламенти биносига кириш тақиқлаб қўйилди. The Guardian нашрига кўра, тақиқ Британияда аккредитацияланган барча рус дипломатлари ва расмий шахсларига ҳам тааллуқли.

Эстония 10 июлдан бошлаб Россиядан санкция остига тушган товарларни  жисмоний шахслар томонидан олиб кирилишига тақиқ жорий қилди.

Европа Иттифоқи томонидан Россия олигархлари ҳамда уруш тарафдорлари бўлган бошқа инсонларга тегишли активларни музлатиш сўнгги икки ой ичида икки баробарга ошган: агар апрел ойида уларнинг умумий суммаси 6,7 млрд евро бўлган бўлса, ҳозирга келиб 12,5 млрд еврога етган, деган Еврокомиссия вакили Кристиан Виганд. DW’га кўра, бу сумма ичига яхта, вертолётлар, кўчмас мулк, санъат асарлари кирган. Бироқ Россия банкининг активлари ҳисобга олинмаган.

Европа Иттифоқи Қрим аннексияси учун Россияга нисбатан қўлланилган санкцияларини бир йилга — 2023 йилнинг 23 июнига қадар узайтирди. Санкцияга кўра Қримдан маҳсулотлар импорти тўлиқ, айрим товарлар ва технологиялар экспорти, шунингдек, инфратузилма ва молиявий соҳаларига инвестиция киритиш тақиқланади.

YouTube видеоҳостинги РФнинг Биринчи каналига тегишли «Модний приговор» и «Давай поженимся» телевизон шоулари аккаунтларини блоклаб қўйди. «Ким миллионер бўлишни истайди» кўрсатуви канали ҳам блокланган.

 

Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россия пропагандасининг Украинага қарши урушни алангалатишдаги ролини ўрганиб чиқади. Кутилишича, Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ва таклиф этилган давлатлар вакиллари уруш сабаблари борасида баёнот беришади. Жумладан, унинг алангалашида Россиядаги пропаганда ва нафрат тилининг роли ҳақида сўзлашади.

Украинага Европа Иттифоқига кириш учун номзод статусини тақдим этиш масаласи аллақачон ҳал бўлган, деган Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау.

Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау. Фото: argumentiru.com

«Ҳозир бу статус тақдим этилмаслигини тасаввур қилиш қийин. Якдиллик бор. Афтидан, бу масала аллақачон ҳал бўлган», — деган Рау ЕИ давлатлари ТИВ раҳбарларининг Люксембургдаги учрашувида.

НАТО агар Россия тарафи шундай хатти-ҳаракатларга биринчи бўлиб қўл урса ядровий қуролдан фойдаланишга тайёр бўлиши керак, деган Германия ҲҲК бош қўмондони, генерал Инго Герхартц Bild нашрида берган интервьюсида.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид