Ўзбекистон | 07:30 / 24.06.2022
8264
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон ўртасида хавфсизлик бўйича қўшма комиссия ташкил этилади

Президентнинг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси “Ўзбекистон халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонун 22-моддасига биноан Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Ҳужжат лойиҳаси орқали қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • Ўзбекистон ҳукумати билан Эрон ҳукумати ўртасида хавфсизлик бўйича қўшма комиссияни ташкил этиш тўғрисидаги келишувни (Тошкент шаҳри, 2022 йил 9 март) тасдиқлаш;
  • Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон мазкур халқаро шартномани кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомилларини бажаргани тўғрисида Эрон томонига тегишли билдиришномани юбориш вазифасини юклаш;
  • қарор ижросини назорат қилишни Ўзбекистон бош вазири ҳамда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби зиммасига юклаш.

Протоколда икки давлат ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш мақсадида қўшма комиссия ташкил этиш белгиланган.

Комиссия томонлар давлатлари ваколатли органлари тенг миқдордаги вакилларидан иборат бўлади.

Унинг асосий вазифалари томонлар ўртасида терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа трансмиллий жиноятчиликка қарши курашда ўзаро алоқаларни ўрнатиш, мониторинг ўтказиш ва минтақадаги мавжуд хавфсизлик ҳолатини таҳлил қилиш, вазиятга жавоб бериш бўйича тегишли соҳаларда қўшма таклифларни ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Комиссия йилига бир маротаба навбатма-навбат Тошкент ҳамда Теҳрон шаҳарларида олдиндан белгиланган муддатларда учрашувлар ўтказади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид