“Ўзбеклар иши” деган уйдирма: Гдлянчиларнинг сохталиклари ва жазосиз қолгани ҳақида
Бутун бир миллатни қандай қилиб жиноятчига чиқариш мумкин? Ўзбек халқининг бошига тушган 80-йиллардаги ўша қора кунларни Виктор Илюхин “Қабоҳат ёхуд “ўзбеклар иши” деган уйдирма хусусида” китобида юзлаб гувоҳлар ва далиллар билан очиб берган.
“Қўлингдаги терговчилик шамширингни сермаб боравер, охири кимгадир тегади. Бу ерда ҳамма жиноятчи, шунинг учун сенинг хатти-ҳаракатларинг барибир тўғри бўлиб чиқади ва оқланади”.
“Қабоҳат ёхуд “ўзбеклар иши” деган уйдирма хусусида” асарида юқоридаги жумла 80-йилларда Ўзбекистондаги порахўрликларни текшириш учун СССР прокуратураси юборган терговчилар Гдлян ва Ивановнинг тергов қилиш шиори бўлгани айтилади.
Китоб маълум маънода ўзбек халқи олдида Телман Гдлян ва Николай Иванов қабоҳати учун СССР Бош прокуратураси номидан ўзбек халқидан сўралган узр деб ҳам қабул қилиниши мумкиндир балки.
Виктор Илюхинга ишонса бўладими?
1983-1989-йилларда шунчалик кўп адолатсизликка йўл қўйилганки, юзлаб гуноҳсиз кишилардан Гдлян ва Иванов устидан қонунчилик бузилаётгани ҳақида СССР прокуратурасига аризалар ёғила бошлаган. Натижада прокуратура 1989 йил 25 майда Ўзбекистонда чексиз ҳокимиятга эга гдлянчилар устидан жиноят иши қўзғатади.
Терговчилар бригадасига Виктор Илюхин бошчилик қилади. У Ўзбекистонда 8 ой давомида тинимсиз текширув ҳаракатларини олиб бориб, масъум одамлар додини эшитади, юзлаб гувоҳлар билан гаплашади. Гдлянчилар ишини обдон текширади, рад этиб бўлмас далиллар тўплайди.
“Қабоҳат ёхуд “ўзбеклар иши” деган уйдирма хусусида” китоби ҳам шундан кейин дунёга келади. Китоб 1993 йилда “Ўзбекистон” нашриётида 50 минг нусхада босилади.
Асар ҳақида қисқача
Илюхиннинг ёзишича, 1983 йилда Давлат хавфсизлик қўмитаси терговчиларидан Бухоро шаҳар саноат моллари савдоси бўлими директори Ш.Қудратов, Бухоро вилояти давлат автомобил назорати бошлиғи Музаффаровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши билан бошланган иш, кейинчалик Гдлян қўлига ўтади. Ва бутунлай унинг сиёсий нуфузи манфаатларига бўйсундирилади.
Аслини олганда, Гдлян бу ишдан Ўзбекистондаги партия, совет ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кадрларни “овлаш”дан иборат ўз режаларини амалга оширишда фойдаланади.
5 қисмга бўлинган китобнинг дастлабки бўлимида Гдлянчилар одамларни қандай қилиб ёлғон гувоҳлик беришга мажбурлагани гувоҳлар тилидан ёзиб олинган парчалар билан далилланади. Кейинги бўлимида ўша пайтда СССР ва Ўзбекистонда юқори мансабда ишлайдиган амалдорларга қандай айб тўнкалгани, бундан Гдлян ва Иванов нимани кўзлагани ҳақида текширув натижалари келтирилади.
“Гдлян миллионлари афсонами ёки ҳақиқат” деб номлаган бўлимда эса Ўзбекистон тергов ишларини олиб бориб йирик миқдордаги порахўрликларни “фош этган” икки терговчининг сохтакорликлари, қўшиб ёзишлари-ю, ўз шуҳратларига маҳлиё бўлганлари очиб берилади.
Асарнинг қолган 2 қисмида Гдлян ва Ивановга ўқилган ҳукм ва уларнинг қандай қилиб оғир жазодан қутулиб қолгани ҳақида гапирилади.
“Айбсиз кишилар 7-9 ойдан 3-7 йилгача ҳибсда сақланган”
1983–1989-йиллар оралиғида ўзбек халқи ўз тарихидаги энг сўнгги қатағонни – шундай аташ мумкин бўлса – бошидан ўтказди. Буни китоб муаллифининг: “Мен жиноятларни очишда ҳатто бронетраснпортёрлардан, ҳарбий вертолётлардан, граждан авиациясидан бу қадар кенг фойдаланилган бошқа бирор бир жиноят иши бўлганини эслай олмайман”, деганидан ҳам тушунса бўлади.
Асарда гдлянчилар ўтказган тергов жараёнлари 30-50-йиллардаги терговларга ўхшатилади. Муаллиф Гдлян ва Ивановга иттифоқдаги исталган терговчисини танлаб олиб ишга жалб қилиш ҳуқуқи берилгани, ташкилий масалалар техника билан таъминлаш масалалари биринчи навбатда ҳал қилиб берилганини ёзади. Ёзаётганлари қуруқ чиқмаслиги учун ўзи чиқарган хулосаларни гувоҳликлар, далиллар ва қўшимча тергов маълумотлари билан асослаб боради.
6 йил мобайнида гдлянчилар деярли 200 кишини ушлаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарган. Шулардан 64 киши порахўрлик учун ва қолганлари эса бошқа турли хил жиноятлар ва асосан “жиноий йўллар билан топилган бойликларни сақлагани учун” ҳибсга олинган.
Порахўрлик учун қамалганларнинг ҳар икки нафаридан бири 1991 йилнинг 1 сентябрига қадар оқланган. Обдон текширилганда жами 200 кишидан 40 нафардан ортиқроғигина айбдор деб топилган. Айбсиз кишилар 7-9 ойдан 3-7 йилгача ҳибсда сақланган.
“Масалан, милиция майори А.Муҳаммадиев 2 йил-у 2 ой, милиция майори Видодил Иззатов 7 йил, Навоий вилоятининг ижроия комитети ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тўра Ҳайитов ҳеч қандай айбсиз 3 йилдан кўпроқ ҳибсда сақланган”, – деб ёзади муаллиф.
Гдлянчиларга бунча қурбонлик нега керак эди?
Кўп ҳолларда одамларни ноқонуний равишда ушлаб келиш гдлянчиларнинг қўлларидаги ишлар учун маълумот тўплашда хизмат қилган. Одамлар ёлғон гувоҳлик беришга мажбурланган. Шу тариқа жуда кўп сохта далиллар “асоси” вужудга келтирилган.
“Гдлянчилар гуруҳи Ўзбекистонда ҳамма пора олади ва беради деб ҳисоблар эдилар. Улар айни шу фикрдан келиб чиқиб, ҳар бир одамга ахборот манбаи деб қарашар ва ҳар қандай йўллар билан бўлса-да ундан ўша ахборотни суғуриб олишга ҳаракат қилишар эди”, – дея ёзади Илюхин.
Асарда келтирилишича, Гдлян қачонлардир жанжаллашиб қолган, унинг йўлига тўсқинлик қилган, бирор ҳаракат билан қонунсизликнинг олдини олишган ҳаракат қилган, Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳодисаларни холис тарзда ёритишга уриниб кўрган шахсларни айбдор қилишга, уларни бадном қилишга, қаматишга уринган.
Улар томонидан тўқиб чиқарилган яна бир назария садистик эди. Бирор лавозимга ўтирган шахс “юқори”га пора бергани тўғрисида ёлғон гапиришга мажбур қилинган. Қийноқлар азобидан эзилиб, жонидан тўйиб кетган маҳбус ҳар қандай гувоҳлик беришга рози бўларди. Гдлянчилар тилхат мазмунини айтиб турган, махбус ёзган. Шу тариқа катта бир пирамида тузишга бел боғланган, бу занжирнинг ҳалқалари колхозлар, совхозлар,участкалар, фермалардан бошланиб, охири “Кремлгача бориши” керак бўлган.
“Пианиночилар” ва “тўқмоқлар”
Текширувлар давомида маълум бўладики, Гдлян тергов гуруҳида худди қатағон йилларидагидек айбдорларнинг айбини бўйнига қўйиб берадиган махсус гуруҳлар бўлган. Уларнинг вазифаси махбусни калтаклаб, азоблаб ҳолдан тойдиришдан ва нима қилиб бўлса ҳам уни ўз “айб”ига иқрор қилишдан иборат бўлган. Бундай вазифадаги терговчилар одатда кечалари ишлаган.
Яна уларнинг “пианиночи” деб номлаган терговчилари ҳам бўлган. Улар сўроққа “тайёр” кишилар берган маълумотларни ёзув машинкаларида тезкорлик билан ёзиб беришган.
Яна бир гуруҳ “тўқмоқлар” деб деб аталган. Гдлян гуруҳида терговчилик қилган А.Холодов тўқмоқларни шундай эслаган:
“Дастлабки маълумотларни қўлга киритиш билан шуғулланадиган “тўқмоқлар” таркибига Карташян, Мавлонов, Абдураҳимовлар… кирарди. Шуни айтишим керакки, улар гувоҳлардан ҳаммага маъқул бўладиган маълумотларни кўпроқ олардилар”.
Гдлянча тергов усуллари
Гдлян гуруҳида ишлаган терговчи В. Шароевский сўроқ қилинганда, у тергов усуллари ҳақида батафсил гапириб беради.
“Карташян одамларни чидаб бўлмас даражада оғир усуллар билан сўроқ қиларди. У бирваракайига 10-20 кишини чақиртирар ва фақат улардан бир нафарини кабинетга таклиф қиларди. Қолганлар эса ДҲК бошқармасининг мутлақо соя жойи бўлмаган ҳовлисида ўз навбатлари келишини кутиб ўтиришга мажбур бўлардилар…” – деган терговчи.
Улар тергов давомида ўзлари истаган маълумотни олиш учун гувоҳлар чойига руҳий таъсир кўрсатадиган моддалар ҳам қўшиб беришган, оила аъзоларининг барини қаматиш билан таҳдид қилишган, сўкишган, юзга тупуришган, ҳали айбдорлиги исботланмаганларни ўта оғир жиноятчилар билан бир камерада қўйишган.
Ҳозирги Қибрай тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи А.Ҳожимуродов тергов жараёнлари даҳшатини шундай таърифлаган:
“Сен ИИБнинг собиқ бошлиғи Жамоловга пора бергансан, ҳозир шу айбингни бўйнингга оласан, деб талаб қилдилар. Мени сўроқ давомида бўғиб қийнадилар. Улар биргина мени эмас, бутун бошли халқимизни ҳақорат қилдилар. Нуқул, “ўзбекларнинг ҳаммаси – қўй, босмачи, фашист” деб сўкинишарди…. Мен бу азобларга чидолмай ёлғон маълумот беришга мажбур бўлдим”.
Энг қизиқ жиҳати, ҳатто айбланувчилар ёзиб берган иқрорномалар текширилганда улардаги гаплар синтактик ва морфологик жиҳатдан деярли бир хиллиги маълум бўлган. Шу далилдан ҳам ҳамма гапни бир киши айтиб тургани ва гумондор сифатида олиб келинган киши шунчаки имзо чекиб бергани ойдинлашади.
Илюхин ниманидир яширганми?
Муаллиф 1989 йил охирига келиб, гдлянчилар иши бўйича СССР прокуратураси коллегиясида муҳокама қилиш учун маълумотлар тақдим қилади. Узоқ тортишувлардан кейин иш Олий Кенгашда кўрилади. Охир-оқибатда Гдлян ва Иванов прокуратура органларидан ишдан бўшатилади. Шунча одамни айбсиз ҳибсда сақлаган, ўзбек миллатини оёқости қилиб, руҳий тазйиқ ўтказган терговчилар фақатгина иш жойидан олинган, холос.
Муаллиф китобда қонунга хилоф ишлар учун айбсиз шахслар оммавий равишда жиноий жавобгарликка тортилгани учун масъулият иттифоқ прокуратураси зиммасига тушгани ҳақида айтади. Гдлян ва Ивановнинг “чексиз ҳуқуқлари”ни уларнинг машҳурликка интилгани, шон-шуҳрат, мансаб илинжида қилинган, дея изоҳлашга ҳаракат қилади. Ҳукуматда Гдлян ва Иванов тарафдорлари бўлгани, икки терговчининг депутат даҳлсизлиги ҳуқуқи бўлгани сабаб улар оғир жазолардан қутилиб қолгани айтилади.
Лекин бутун бошли халқни порахўрга чиқарган, айбсиз, суд қилинмай туриб ўзбекларни йиллаб ҳибсда сақлаган, оила аъзолари билан руҳан қийноққа солган терговчиларни иш жойидан бўшатиш билангина чекланишга юқоридаги сабаблар камлик қилмасмикан. Балки муаллиф ўзи билган ёки тахмин қилган ниманидир китобхонга очиқчасига айтмаган, Гдлян айбдорлиги ўша пайтдаги иттифоқда ҳукм сурган вазиятга тўнкалган.
“Гдлян ва Иванов ҳодисаси тасодифан пайдо бўлгани йўқ. Бунинг учун барча шарт-шароит яратиб берилган… Прокуратура йўл қўйилган зўравонликлар учун улар билан бирга жавобгар бўлиши керак”, –дейилган китобда.
Муаллиф китобда мавжуд барча маълумот ва фактларнинг 10дан бир қисмини ҳам қаламга олмаганини айтади. Шу иқрорнинг ўзи Гдлян ва Иванов даҳшатларини ҳис қилишга етса керак. Ушбу мақолада келтирилган маълумотлар эса ўша бир қисмнинг 10дан бири ҳам эмас.
Асардан иқтибослар
“Бизнинг мамлакатимиз на юқори даражадаги ҳуқуқий маданияти билан, на ҳуқуқий қонун-қоидаларини қатъий бажариши билан ҳеч қачон ажралиб турмаган. Аксинча бизнинг мамлакат маърифийликдан йироқ бешафқат волюнтаризмнинг кучли домида илгари ҳам, афсуски ҳозир ҳам азобланиб келади…. Бу фақат ҳозирги ҳаётимизга эмас, ўз вақтида Пушкин “Россияда қонун йўқ. Унда бир устун бор холос. Устунга эса тож кийгизиб қўйишган”, деб ёзган эди”.
“Юксак даражада ривожланган ғарб мамлакатларида қонунбузарларни парламентдан ҳайдаб, уларни бундай нуфузли органларга яқин йўлатмайдилар. Бизнинг мамлакатимизда Конституция ва бошқа қонунларга риоя қилмаган кишилар ҳам бемалол ишлаб юраверадилар”.
“Мен бир нарсага ҳайрон қоламан: нега бизда ҳамиша халқ орасида обрўсини тўкиб шарманда бўлган кишилар қандайдир йўллар билан бирданига юқори жойларга сайланиб қоладилар?”
“Тарқатиладиган ахборот ҳақиқатдан қанчалик йироқ бўлса, у шунчалик яхшироқ ҳазм бўлади, унга одамлар кўпроқ ишонади”.
“Ҳар қандай кишига қарши, ҳатто “худо”га қарши ҳам гувоҳлик олиш Гдлян ва унинг гуруҳи учун ҳеч гап эмас эди. Уларни халқ суд қилади, тарих суд қилади. Ҳозирча улар ҳокимият тепасида турган экан – бу бизнинг фожиамиздир, лекин халқни узоқ вақт алдаб юриш ҳали ҳеч кимнинг қўлидан келган эмас”.
Зуҳра Абдуҳалимова,
журналист
Мавзуга оид
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024
АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори
16:15 / 17.10.2024
Бир жиноят тарихи: қотиллик қурбони бўлган 72 ёшли актриса
15:11 / 13.10.2024