Жаҳон | 22:39 / 26.06.2022
7179
2 дақиқада ўқилади

G7’нинг тўртта давлати Россиядан олтин импортини тақиқлайди

«Яқин вақт ичида» Буюк Британия, АҚШ, Япония ва Канада Россиядан олтин импортини тақиқлаш ҳақида эълон қилади. Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон «еттилик»нинг бошқа аъзоларини бойкотга қўшилишга чақирди.

Фото: Picture Alliance

Буюк Британия, АҚШ, Япония ва Канада Украинага қуролли бостириб киргани учун Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни кенгайтиришга қарор қилди. 26 июнь, якшанба куни эълон қилинган Британия ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, «Катта еттилик» (G7)нинг ушбу тўртта давлати «яқин вақт ичида» Россия олтинининг импортига тақиқ жорий қилади. Ҳужжатда қайд этилишича, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Бавариядаги Элмау саройида ўтказиладиган G7 саммитида бошқа давлатларини ҳам ушбу тақиққа қўшилишга ундайди.

Британия ҳукуматига кўра, бу чоралар «рус олигархлари» ва Россия президенти Владимир Путиннинг «уруш машинаси юраги»га бевосита таъсир қилади. «Путин режимига пул жўнатмаси жўмрагини бураб қўйиш керак», дейилади матбуот хизмати хабарида. 

Ҳужжатда, шунингдек, ушбу қимматбаҳо металлнинг халқаро савдосида Лондон марказий ролини ҳамда АҚШ, Япония ва Канада томонидан кўрилаётган параллель чораларни ҳисобга олган ҳолда, Россия олтини импортини тақиқлаш «глобал оқибатларга олиб келиши ва Россияни олтин халқаро бозорларидан чиқариб ташлаши» таъкидланади. Ушбу санкциялардан мақсад Россияни халқаро молия тизимидан янада четлаштиришдир, дейилади пресс-релизда. 

Европа иттифоқида олтин савдоси соҳасида Россияга қарши санкциялар ҳақида ҳам муҳокамалар давом этмоқда, бироқ ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган. Европадан G7’га Германия, Франция ва Италия киради. 

Энергия ташувчилардан ташқари, олтин сотиш Россия экспортининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Ўтган йили Россия 12,6 миллиард фунт (14,6 миллиард евро) қийматидаги олтин экспорт қилган. «Сўнгги ойларда олигархлар Ғарб санкциялари таъсиридан қочиш учун олтин қуймаларини сотиб олаётгани сабабли, Россия элитаси учун бу олтиннинг қиймати ошди», — дейилади Британия ҳукумати баёнотида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид