Жаҳон | 08:18 / 27.06.2022
16967
4 дақиқада ўқилади

G7 ривожланаётган мамлакатларга 600 млрд доллар сармоя киритмоқчи

Беш йиллик дастур қашшоқ мамлакатлардаги инфратузилма лойиҳаларига юз миллиардлаб сармояларни ўз ичига олади ва Хитойдаги шунга ўхшаш лойиҳага жавоб бўлиши мўлжалланган.

Фото: AFP

«Катта еттилик» (G7) мамлакатлари етакчилари саммит биринчи кунида Хитойнинг кучайиб бораётган таъсирига қарши туриш мақсадида ривожланаётган мамлакатлар учун умумий қиймати 600 миллиард доллар бўлган беш йиллик сармоя дастури бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уйнинг 26 июнь, якшанба куни эълон қилинган хабарида айтилади.

G7 мамлакатлари етакчилари томонидан ишлаб чиқилган «Глобал инфратузилма ва сармоя учун ҳамкорлик» деб номланган дастур 2027 йилгача амалга оширилиши керак. Унинг мақсади қашшоқ мамлакатларда «юқори сифатли ва барқарор инфратузилма»ни яратишдир. «Очиғини айтмоқчиман. Бу ёрдам ёки хайрия эмас. Бу ҳамма учун фойдали бўлган сармоядир», деди АҚШ президенти Жо Байден. У дастур қабул қилувчи мамлакатларга «демократик давлатлар билан ҳамкорлик қилишнинг аниқ афзалликларини кўришга» имкон беришини қўшимча қилди. 

АҚШ зарур харажатларнинг учдан бир қисми - 200 миллиард долларни ўз зиммасига олишга ваъда берди. Пул федерал фондлар, грантлар ва хусусий инвестициялар ҳисобидан ажратилиши режалаштирилган. Тахминан 300 миллиард доллар сармоя ЕИ мамлакатларига тўғри келиши керак, деди Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен.

Энг муҳим лойиҳалар орасида Байден Анголада қуёш энергетикасини ривожлантириш учун 2 миллиард доллар ва вакциналар ишлаб чиқарувчи Африкадаги Пастер институтига ёрдамни алоҳида таъкидлади. Жануби-Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ орқали Европага сувости телекоммуникация кабелини қуриш учун 600 миллион долларлик шартнома имзоланган. 17 минг километрлик кабель Сингапурни Франция билан боғлайди ва минтақалар мамлакатларини юқори тезликдаги ва ишончли алоқа билан таъминлайди, дейилади Оқ уй баёнотида. 

Кот-д'Ивуарда 100 дан ортиқ шифохона ва клиникалар қуриш учун яна 320 миллион доллар ажратилган. Иқлим ўзгариши, глобал соғлиқни сақлаш ва рақамли инфратузилма соҳаларига бошқа инвестициялар режалаштирилган. 

«Катта еттилик» давлатларининг сармоявий дастури Хитойнинг 2013 йилда бошланган худди шундай «Бир камар, бир йўл» лойиҳасига жавоб бўлиши керак. Унинг бир қисми сифатида Хитой, биринчи навбатда, Осиё ва Африкада турли инфратузилма лойиҳаларини молиялаштирди.

AFP агентлиги таъкидлашича, дастур фаол танқид қилинди ва Хитойни қабул қилувчи мамлакатлар эмас, балки фақат ўз манфаатларини кўзлаганликда айблашди. ХХР ресурслардан фойдаланишга ва ўз савдо йўллари хавфсизлигини таъминлашга интилди, деб ёзади агентлик.

Қабул қилувчи мамлакатларнинг аксарияти «ҳозирда ўзларининг катта қарздор эканликларини, уларнинг иқтисодий ўсиши сезиларли даражада ошмаганини ва инвестиция деб аталган нарсалар аҳолига етиб бормаганини англаб етди», — дея агентлик АҚШнинг юқори мартабали мулозимларидан иқтибос келтирган. AFP суҳбатдошига кўра, «катта еттилик» давлатлари ҳали бунга қарши тура олади, G7 ташаббусининг диққат марказида эса Африка давлатлари бўлиши керак. 

Мавзуга оид