Жаҳон | 22:21 / 27.06.2022
40247
4 дақиқада ўқилади

Кременчугдаги савдо марказига ракета учиб келди. Бу ерда мингдан ортиқ киши бўлган

Украина президенти Володимир Зеленский Россия армияси Полтава областидаги Кременчуг шаҳри марказида жойлашган савдо марказига ракета зарбаси берганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу вақтда марказда мингдан ортиқ киши бўлган.

Фото: Украина ФВВ

Россиялик ҳарбийлар Полтава областидаги Кременчуг шаҳри марказида жойлашган савдо марказига ракета зарбаси йўллади. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, бу вақтда марказда мингдан ортиқ киши бўлган. «Савдо маркази ёнмоқда, қутқарувчилар ёнғинни ўчириш ишларини олиб боришмоқда, қурбонлар сонини ҳатто тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Россия армияси учун бу ердан ҳеч қандай хавф йўқ эди. Ҳеч қандай стратегик аҳамиятга эга бўлмаган. Шунчаки одамларнинг нормал ҳаёт кечиришга уриниши босқинчиларни қаттиқ ғазаблантиради», — дея изоҳлаган бу ҳужумни Володимир Зеленский.

Қурбонлар сони аниқ эмас. Сўнгги маълумотларга кўра, зарба оқибатида 18 киши ҳалок бўлгани ва камида 50 киши яралангани тасдиқланган, 40 нафарга яқин киши бедарак йўқолган. Қутқарув амалиёти давом этмоқда, савдо марказидаги ёнғинни ўчириш ишларига Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизматининг 115 нафар ўт ўчирувчиси ва 20 машинаси жалб қилинган.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Кременчугдаги савдо марказига берилган зарбага муносабат билдирар экан, Россияни терроризмни қўлловчи давлат сифатида тан олиш кераклигини айтган. «Кременчуг. Одамлар гавжум жой, одатий кун. Россияликлар ракета билан савдо марказига зарба йўллашди. Улар қарор қабул қилиш марказларига зарба беришларини айтишганди. Аммо ўтакетган хаёлпарастлар ҳам савдо маркази бундай марказ деб ҳисобланишини тахмин қилмаган бўларди [...] Бизга ўз одамларимизни ҳимоя қилиш учун кўпроқ қуроллар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак. Россия терроризм ҳомийси бўлган давлат дея тан олиниши даркор», дея ёзган Ермак.

Ҳужумга учраган «Амстор» савдо маркази шаҳар марказида, Кременчуг темирйўл вокзалидан 300 метр масофада жойлашган, бу ҳақда хабар қилган Украина ички ишлар вазири ўринбосари Эмине Жапарованинг пости ҳозирда ўчиб кетган. Кременчуг шаҳри ва Полтава области расмийлари маълумотида савдо маркази номи келтирилмаган. Ҳудудда ҳаво тревогаси маҳаллий вақт билан соат 15:40 атрофида (Тошкент вақти билан 17:40) янграган. 

Савдо маркази биноси буткул ёниб кетган.

Кремлпараст телеграм-каналларда аллақачон Кременчугдаги савдо марказига йўлланган зарба ҳақидаги хабарлар «провокация» деб аталди ва Буча билан тенглаштирилди. Хусусан, ВГТРК журналисти Андрей Руденко ва «Сегодня.ру» нашри бош муҳаррири Юрий Котенок «провокация» далили сифатида ёнаётган савдо маркази атрофида олинган кадрларда машиналар ва аёллар камлиги («ҳолбуки бундай маҳалда аёллар дўконларни тўлдиради», дея қайд этган Руденко) келтирилган.

Кременчуг фронт чизиғидан юзлаб километр масофада жойлашган, аммо аллақачон зарбага учраган. Шаҳарда нефтни қайта ишловчи завод жойлашган, бу Украинадаги бензин ва дизел ёнилғиси ишлаб чиқарувчи энг йирик заводдир. Зарбалар туфайли баҳордаёқ унинг фаолияти тўхтатилган (бу эса мамлакатда бензин тақчиллигининг асосий омилларидан бири бўлган). Россия ҳарбийлари завод фаолияти тўхтагач ҳам уни ўққа тутишда давом этмоқда, Украина томони бундай ҳужум ҳақида сўнгги бор 18 июн куни хабар берганди. «Амстор» савдо марказидан ҳарбий объект деб ҳисоблаш мумкин бўлган Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводига қадар бўлган масофа 10 километрдан ортиқни ташкил этади.

Мавзуга оид