Хива шаҳри 2024 йил Ислом дунёсининг туризм пойтахти деб эълон қилинди
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессияси доирасида илк бор Ўзбекистон шаҳарларидан бири – Хива 2024 йил “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” дея эълон қилинди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.
Таъкидланишича, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ғалабанинг асосий омиллари сифатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан туризм соҳасида юритилаётган очиқлик сиёсати, виза режимининг соддалаштирилиши, маданий меросни сақлаш, тарихий шаҳарларни ободонлаштириш каби кўплаб ислоҳотларни эътироф этган.
Шунингдек, Хива шаҳрининг тарихий қиёфаси тикланиши, реставрация ва консервацияга оид амалга оширилган ишлар, сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилиш учун яратилган шароитлар, инфратузилманинг яхшилангани алоҳида қайд этилган. Бундан ташқари, туризм ва унга ёндош соҳалар тадбиркорлари учун яратилган қулай шароитлар юқори баҳоланган.
“Ислом дунёсининг туризм пойтахти йили доирасида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ИҲТга аъзо 57 давлатнинг туризм вазирлари ва туристик маъмуриятлари раҳбарларининг йиғилиши юқори даражада ўтказилади. Шу билан бирга, Ислом олами ва зиёрат туризми салоҳиятини очиб берувчи илмий-амалий анжуманлар, фотокўргазмалар ва арт-экспозициялар бўлиб ўтади.
2018 йилда Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ташкил этилган “Ипак йўли” халқаро туризм университети базасида ИҲТ давлатлари олим ва тадқиқотчилари иштирокида таълим соҳасидаги имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади”, – деди Ўзбекистон делегацияси раҳбари – Бош вазир ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов.
Ислом дунёсининг туризм пойтахти номинациясига 5 давлатдан шаҳарлар номзоди қўйилган бўлиб, булар:
- Абу-Даби (БАА);
- Шанлиурфа (Туркия);
- Лаос (Нигерия);
- Душанбе (Тожикистон);
- Хива (Ўзбекистон).
Сўнгги йилда бу шаҳарлар орасида номинацияда ғолиблик учун шиддатли кураш кузатилди. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг бу йўналишда олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида Хива шаҳрининг “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” мақомини олишига доир қарорга келинишига эришилди.
Таъкидлаш жоизки, ғалабага эришиш йўлида Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги 2019 йилдан буён тизимли равишда иш олиб бормоқда, яъни бу орада Хива шаҳри номзоди киритилиб, ИҲТга аъзо давлатлар билан тегишли ишлар олиб борилган – ИҲТ давлатларининг туристик маъмурияти раҳбарлари билан онлайн учрашувлар, музокаралар ва тақдимотларнинг ўтказилиши шулар жумласидандир”, – дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024