Жаҳон | 18:28 / 29.06.2022
17369
3 дақиқада ўқилади

«Бу ҳудудларни босиб олиш дарди». Зеленский — Путиннинг бетоблиги ҳақидаги миш-мишлар ҳақида

Фото: Antonio Masiello / Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский NBC телеканалига берган интервюсида уни Россия президенти Владимир Путиннинг касаллиги тўғрисидаги миш-мишлар қизиқтирмаслигини айтди. «Украинская правда» ушбу суҳбатдан парчалар келтирган.

«Мен Путинга нималар бўлаётганидан бехабарман. Мен ҳисоблайманки, улар (россияликлар) чиндан ҳам улкан дардга чалинган. Аммо бу менга сиз (Путиннинг касаллиги ҳақида) айтаётган гаплардан мураккаброқ туюлади. Бу касаллик бизнинг халқимизга ҳурматга тааллуқли, бу босқинчилик дарди, улар бизнинг еримизда содир этаётган қийноқларга оид касаллик. Менимча, бу мураккаб вазият ва бу касаллик биргина одамники эмас», деган у.

Украина президенти ҳисоблашича, РФ президенти атрофидаги кўплаб кишилар «қуруқ амбициялар, халқаро ҳуқуқни тушунмаслик ва ҳурмат қилмаслик, оддий одамлар ҳаётига ҳурматсизлик дардига чалинган».

Интервьюда Зеленский урушувчи томонларнинг йўқотишлари борасида ҳам тўхталган. Унинг сўзларига кўра, Украина катта йўқотишларга учраган, бироқ Россиянинг йўқотишлари янада кўпроқ.

«Биз бир кишини йўқотган жойимизда, Россия беш кишини йўқотган. Биз бир танк йўқотганимизда — улар бештасини йўқотган. Биз мана шундай курашяпмиз. Аммо адолат учун айтиш лозимки, бизга чиндан қийин бўлмоқда. Чунки бизнинг бир танкимизга қарши уларда 10 танк бор, бизнинг бир жангчимизга қарши — уларда 10 ҳарбий. Ва биз қанчалар кучли бўлмайлик, улар сон жиҳатдан ўн баробар кўпроқ. Биз жуда қийналяпмиз, аммо бардош берамиз», деган Зеленский.

  • Сўнгги ойларда Владимир Путин касал бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Апрел ойида «Проект» нашри Путинга сафарларда шифокорлар бригадаси, жумладан онкологик касалликлар ва қалқонсимон без муаммолари бўйича мутахассислар ҳамроҳлик қилиши ҳақида ёзган. 2022 йил май ойида РФ президенти билан шахсан ишлаган режиссёр Оливер Стоун очиқчасига Путин саратонга чалинган бўлиши мумкинлигини айтди.
  • Июн ойида Newsweek АҚШ разведкасига асосланган ҳолда апрелда Путин саратон касаллигидан даволаниш курсини ўтагани ҳақида ёзиб чиқди. Ўз навбатида Paris Match суриштирувида РФ Федерал қўриқлаш хизмати ходимлари хорижий сафарларда россияликлар президентининг соғлиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлмаслиги учун унинг нажаси ва сийдигини йиғиб юриши ҳақида айтилади.
  • РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров май ойи охирида «ақли расо кишилар» Путинда «қандайдир хасталик ёки дармонсизлик белгилари»ни кўрмаслигини айтди.

Мавзуга оид