Жаҳон | 14:46 / 29.06.2022
7443
3 дақиқада ўқилади

Лондон: Россия Кременчугдаги савдо марказини адашиб ўққа тутган бўлиши мумкин

Буюк Британия Мудофаа вазирлигига кўра, Россиянинг Кременчугдаги савдо марказига уюштирган ракета ҳужуми, эҳтимол, бошқа инфратузилма объектига тегиши керак бўлган.

Фото: AP

Украинанинг Полтава области Кременчуг шаҳридаги савдо марказига Россия қўшинларининг ракета ҳужуми, Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, хато туфайли рўй берган бўлиши мумкин. «2022 йил 27 июнь куни Кременчугдаги савдо марказига уюштирилган ракета ҳужуми қўшни инфратузилма объектига зарба беришга қаратилган бўлишининг реал эҳтимоли бор», — дейилади 29 июнь, чоршанба куни Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг Twitter’даги хабарида.

Вазирлик эслатишича, Россиянинг узоқ масофали зарбалар беришдаги ноаниқлиги авваллари тинч аҳоли орасида, жумладан 2022 йил 9 апрелда Краматорск темирйўл вокзалида оммавий қурбонларга олиб келган. «Россияда режа ишлаб чиқувчилар, эҳтимол, ҳарбий жиҳатдан нишонга зарба бериш кераклигини кўрганида, юқори даражадаги таваккалчиликка боришга тайёр», дейилади маълумотда. 

Британия разведкаси фикрича, Россия Украинанинг илғор кучлар захираларини таъминлашга тўсқинлик қилиш мақсадида зарба беришда давом этиши деярли аниқ. «Россияда замонавийроқ, аниқроқ зарба берувчи қуролларнинг етишмаслиги ва профессионал нишонга олишга оид камчиликлар тинч аҳолининг кўпроқ қурбон бўлишига олиб келиши мумкин», - дея маълум қилди Буюк Британия Мудофаа вазирлиги. 

Кременчугдаги «Амстор» савдо марказига ракета тушиши оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, 59 киши яраланди, 40 га яқин киши бедарак йўқолган, дея хабар берди Украина президенти девонхонаси. Киев ҳодисани террорчилик акти ва «фуқаролик объектига атайлаб қилинган ҳужум» деб атади.

Россия Мудофаа вазирлиги савдо маркази жойлашган ҳудудни ўққа тутганини тан олди. Идоранинг маълум қилишича, Россия ҳарбийлари Кременчуг йўл транспорти заводи ҳудудидаги «АҚШ ва Европа давлатларидан олинган қурол ва ўқ-дорилар» бўлган ангарларга «юқори аниқликдаги қурол» билан зарба берган. Россия Мудофаа вазирлигига кўра, уларнинг портлаши «ишламайдиган савдо маркази»да ёнғинга сабаб бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид