Жамият | 18:45 / 29.06.2022
16863
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Ўзбекистон тарихида илк бор синтетик GTL дизель маҳсулоти ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 15 июнь куни “Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон тарихида биринчи синтетик нефт ишлаб чиқарилиши бошланган эди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилган, Янги Ўзбекистоннинг учинчи ренессанси пойдевори ҳисобланган “Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон нефт ва газ-кимёси саноатининг тарихида илк бор синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариши бошланди.

Мазкур воқеа республиканинг замонавий нефт-кимё ва нефт-газни қайта ишлаш саноати ривожида янги технологик босқич ҳисобланади ҳамда ушбу кун Ўзбекистонда илк бор синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани учун рамзий маънода тарихий кун ҳисобланади.

Таъкидлаш керакки, бу қувончли воқеа 2022 йилнинг 29 июнь куни билан тарихга муҳрланди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бугун, соат 7.30 да “Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон нефт ва газ-кимёси саноатининг тарихида биринчи синтетик GTL дизель маҳсулоти ишлаб чиқарилгани ва илк маҳсулот олинганини расман эълон қилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси “Юртимизда ва умуман минтақамизда нефть-газ саноати соҳасидаги энг йирик корхона ҳисобланган “Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон нефт ва газ-кимёси саноатининг тарихида илк бор синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариши бошлангани ва биринчи маҳсулот олинганини” таъкидлаган ҳолда барча ишчи-ходимларни, “Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоасини мазкур ютуқ билан самимий табриклади.

Заводнинг асосий ишга тушириш ишлари, шу жумладан 11 мингга яқин ускуна ва асосий ишлаб чиқариш қурилмалари синхрон ишлашини таъминлаш, шунингдек, уларни тўлиқ назорат қилиш ва бошқариш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – “Uzbekistan GTL” заводининг маҳаллий муҳандислари ва ёш мутахассислари томонидан мустақил равишда, хорижий мутахассисларнинг тўғридан тўғри иштирокисиз амалга оширилаётгани таъкидланди.

Эришилган келишувларга кўра 5 минг тонна миқдорида ишлаб чиқарилган синтетик дизелнинг биринчи партияси Навоий кон-металлургия комбинатига юборилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, заводда йилига 3,6 млрд метр куб табиий газ қайта ишланиб, 1,5 млн тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тн авиакеросин, 724 минг тн дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид