Жаҳон | 09:21 / 30.06.2022
12304
3 дақиқада ўқилади

БМТ миссияси Украинанинг 30 дан ортиқ аҳоли пунктида тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини тасдиқлади 

БМТ миссияси Украинадаги 30 та жойда тинч аҳоли вакилларининг оммавий ўлдирилиши ва қатл этилишини ҳужжатлаштирган. Миссия ҳисоботига кўра, аслида қурбонлар сони анча кўп.

Фото: AP

БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси Киев, Чернигов, Харков ва Суми областларидаги 30 дан ортиқ ҳудудда тинч аҳоли вакилларининг судсиз қатл этилиши ва оммавий ўлдирилиши ҳақидаги хабарларни тасдиқлади ҳамда ҳужжатлаштириб олди. Бу ҳақда 29 июнь, чоршанба куни эълон қилинган миссия хабарида айтилган.

Ҳужжатлаштирилган ҳолатлар февраль ва март ойларининг охирларида, бу ҳудудлар Россия ҳарбийлари назорати остида бўлганида содир бўлган. Биргина Буча шаҳрида миссия камида 50 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилганини ҳужжатлаштирган. Қурбонларнинг аксарияти эркаклар, бироқ улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. «Жасад қолдиқларини қайта тиклаш, эксгумация қилиш ва шахсини аниқлаш ишлари ҳали якунланмаганлиги сабабли, миқёс ҳали тўлиқ баҳоланмаган», — дейилади миссия ҳисоботида. 

27 июнь ҳолатига кўра, БМТ 4731 киши ҳалок бўлганини ва яна 5900 киши яраланганини тасдиқлади. «Ҳақиқатда қурбонлар сони анча юқори, чунки бу рақамларга фақат миссия аниқ тасдиқлай олган ҳолатлар киради», дейилади хабарда. Миссия, шунингдек, 248 фуқарони ўғирлаш ҳолатларини тасдиқлади, уларнинг аксарияти қийноққа солинган, ғайриинсоний шароитларда сақланган ва ҳатто ўлдирилган. 

Украина Россия аскарлари томонидан содир этилган эҳтимолий ҳарбий жиноятларни текширишда давом этмоқда. Июнь ойида БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан тузилган халқаро тергов комиссияси илк бор мамлакатга ташриф буюрди. Комиссия, биринчи навбатда, февраль ойининг охирида ва март ойида Киев, Буча, Ирпен, Харков ва Сумида содир бўлган воқеаларни ўрганди. 

«Ҳозирги босқичда биз ҳодисаларнинг ҳуқуқий таърифи бўйича ҳеч қандай хулоса чиқара олмаймиз ёки изоҳ бера олмаймиз. Бироқ, жойлардан олинган маълумотлар қўшимча тасдиқланиши шарти билан, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва ҳатто ҳарбий жиноятлар ҳамда инсониятга қарши жиноятлар факти эълон қилиниши мумкин», деди комиссия раҳбари, Руанда бўйича Халқаро трибунални бошқарган норвегиялик судья Эрик Мёсе ташрифдан сўнг. 

Комиссия ўзининг дастлабки ҳисоботини сентябрь ойида Украинага яна бир неча ташрифидан сўнг БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашига юбориши керак. Якуний ҳисобот 2023 йил март ойида тақдим этилади. Кўпгина Европа мамлакатлари, жумладан Германия расмийлари ўзларининг терговларини бошлади. Терговни Украинанинг ўзи ва Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд ҳам олиб боряпти. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид