Жаҳон | 21:52 / 30.06.2022
17282
3 дақиқада ўқилади

Фото: 20-йилларда рус пропагандасига хизмат қилган чиннилар

1917 йилда Россия империясида ҳокимиятга болшевиклар келиб, подшо Россияси тугатилди. Подшо Россиясининг барча нарсасидан воз кечган болшевиклар нега оқ чиннилар ишлаб чиқариладиган заводни сақлаб қолган?

Россиянинг ҳозирги Санкт-Петербург ҳудудида 20-аср бошларида подшонинг чинни фабрикаси бўлиб, у ерда ҳашамдор идишлар ясалган. 1917 йилда подшо Россиясини ағдарган болшевиклар эски тузумнинг ҳамма нарсасидан воз кечади, бироқ Подшо чинни заводи деб аталган фабрикани сақлаб қолади. Номи Давлат чинни фабрикаси деб ўзгартирилади.

Фабрика Владимир Ленин ҳукуматига ўз ғояларини ташвиқ қилиш учун керак бўлган. Бир вақтлар зарҳал ҳошиялар билан безатилган чинниларга одамларда социалистик мафкурага иштиёқ уйғотувчи расмлар чизиб ишлаб чиқарила бошланган.

Чинниларга совет ҳокимиятининг белгиси ҳисобланган ўроқ ва болға тасвири туширилган. Бу 2 иш қуроли айни пайтда ишчи ва деҳқон жамияти ҳақида ҳам эслатарди. Кейинчалик ўроқ ва болға ҳатто Совет Иттифоқи байроғига ҳам киритилган. Чинниларга туширилган расмлар дизайнер Сергей Чехонин ғоялари билан юзага келган.

Ленинизм мафкурасининг асоси мамлакатда маҳсулдорликни ошириш бўлган. Шу сабаб ҳам чинниларда завод, фабрикалар ва уларнинг тутун чиқараётган мўрилари, телеграф симлари тасвирланган. Подшо ҳукумати даврида эса бу чиннилар зодагонларни эслатувчи зарҳал безаклар ва чорвачиликка оид тасвирлар билан безалган бўлган.

Агитация мақсадида ясалган чинниларга Лениннинг тасвири ва унинг атрофида одамларни меҳнатга ундовчи расмлар туширилган. Мақсад – пролетариатни руҳлантириш бўлган.

Михаил Адамович, Антон Комашка ва Наталя Данконинг чинни ҳайкалчаларида ҳам қурол олиб, юзида хурсандчилик бўлган деҳқонлар, илдам қадамлар билан келажакка қадам ташлаган озод бўлган ишчилар акс этган.

Ўша пайтда авангард йўналишининг энг таниқли вакиллари Василий Кандиксий, Казимир Малевич янги тузумга мос келадиган идиомалар устида ишлаган. Лекин чиннилар очликдан қийналаётган совет аҳолиси учун қимматлик қилган. Шу сабаб улар асосан юқори табақа вакиллари уйида турган.

Чинниларни санъат асари эмас, тарихнинг бир бўлаги, Ленин ва Сталин сиёсатини намойиш қилувчи восита, деб қараш тўғри бўлади. Чунки улар ижодкорларнинг хоҳиши билан эмас, ҳукумат босими билан юзага келганди.

Мавзуга оид