Ўзбекистон | 20:20 / 30.06.2022
49677
2 дақиқада ўқилади

“Ташқи кучларга имкон бермаслик керак” — Раббимов Қорақалпоғистон ҳақида

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистонга оид моддаларини ўзгартириш таклифидан кейин пост-совет ҳудудида провокациялар бўлаётганини таъкидлади. “Бу масалада бирлигимизга қарши бўлган ташқи кучларга имкон бермаслик керак”, деди у.

Фото: Kun.uz

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистонга оид моддаларига таклиф этилаётган ўзгаришлар Қорақалпоғистонда турлича қарши олинаётгани масаласига муносабат билдирди.

“Конституциямизнинг 70–75-моддаларини ўзгартириш таклифи баъзи қорақалпоқ дўстларимизда – қардошларимизда маълум хавотирларга сабаб бўлибди. Мен ҳар доим минтақада интеграция, бирлашув тарафдори бўлганман. Ўзбекистонни Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон билан, қолаверса, Озарбойжон ва Туркия билан стратегик яқинлашуви, иттифоқчилиги, бирлиги тарафдори бўлганман!

Ўзбекистон давлат тузилмаси, собиқ СССР даврида, онгли равишда зиддиятлар билан расмийлаштирилган эди. Ўзбекистон, ўзбеклар тарихда ҳеч қачон қорақалпоқ жигарларимизга жабр-зулм қилмаган. Аксинча, тарихда қорақалпоқ жигарларимизнинг аждодларига жабр-зулм бўлганда, Хоразм хонлари бу жигарларимизни асраб қолишган эди.

Бугун ҳам Ўзбекистон қорақалпоқ жигарларимиз ўзлигини сақлаб, ривожлантириш йўлидан кетяпти. Биз бир миллат, бир давлатмиз! Таклиф қилинаётган ўзгариш – ушбу бир халқ, қардошлик, жондошлик орасига рахна солиши мумкин бўлган ташқи кучларга фитналар учун имкон бермаслик ниятида бўляпти. Ўзбекистон қорақалпоқ ўзлигига, тилига ва маданиятига босим қилмаган ва қилиш нияти ҳам йўқ!

Пост-совет ҳудудида бўлаётган провокацияларни кўриб туриб, бу масалада бирлигимизга қарши бўлган ташқи кучларга имкон бермаслик керак. Асоссиз хавотир олаётган қардошларимизга мурожаатим шуки, глобаллашган дунёда, Ўзбекистонда қорақалпоқ ўзлигига, тили ва маданиятига бўлган ҳурмат-эҳтиром, бўлган ва ошиб боради”, – дея ёзди Раббимов.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 24 июндаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси томонидан таклиф сифатида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ва Конституциявий комиссия тайёрлаган қонун лойиҳасини бирлаштиришга қарор қилинган эди.

25 июн куни очиқ муҳокамага чиқарилган қонун лойиҳасида Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид 17-бобига қуйидагича ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда:

Мавзуга оид