Ўзбекистон | 08:16 / 30.06.2022
5911
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон миллий табиат боғида ёнғин содир бўлди

Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан қарийб беш соатда ўчирилган.

Фото: Самарқанд вилояти ФВБ

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 29 июн куни соат 13:15 да Жомбой тумани “Зарафшон” МФЙда жойлашган Зарафшон миллий табиат боғига қарашли ўрмонда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган.

Шундан сўнг ҳодиса жойига ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 13:27 да етиб борган. Соат 14:40 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 17:00 да бартараф этилган. Ёнғинни ўчиришга ФВБнинг 6 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаби ва моддий зарари аниқланмоқда.

Мазкур боғда тез-тез ёнғин содир бўлади. Жумладан, 2020 йил 26 июл куни тунда содир бўлган ёнғинда олов боғнинг 2 минг квадрат майдонини қамраб олганди.

Бундан ташқари, 2021 йил 3 июлда содир бўлган ёнғинда боғнинг 1,5 гектар майдонида ўсимлик дунёси ёниб кетганди. Шунингдек, 2022 йил 21 феврал куни Зарафшон миллий табиат боғида ёнғин содир бўлган ва оқибатда 25 сотих майдонда дарахт ва буталар ёниб кетганди.

Мавзуга оид