Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британия Украинага 1 млрд фунтлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлади
Буюк Британия Украинага бир миллиард фунт стерлинг миқдорида (1,2 млрд доллар атрофида) янги ҳарбий ёрдам пакети жўнатади. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский НАТО саммитида чиқиш қилиб, яна бир бор мамлакат қуролларга муҳтож эканини маълум қилишидан кейинги куни маълум бўлди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинага «Россиянинг артиллерия қисмлари борасидаги устунлигини йўққа чиқариш» учун замонавий қуроллар тизимлари ўта зарур.
Ҳозирги транш Британия Украинага кўрсатган ҳарбий ёрдами ҳажмини амалда икки баробарга оширади. Бунгача Лондон Украинага жами 1,3 млрд фунт стерлинг миқдоридаги қурол-яроғ жўнатганди.
Шунингдек, уруш бошидан буён Буюк Британия Украинага 1,5 млрд фунт миқдорида гуманитар ва иқтисодий кўмак кўрсатган.
Бунга қадар Украинага Британиядан асосан танкка қарши ракеталар етказиб берилаётганди. Бу сафар эса, ҳукуматдагиларнинг маълум қилишича, гап нисбатан оғирроқ қуроллар ҳақида кетмоқда.
Мудофаадаги трансформация
Янги ҳарбий транш ҳақида эълон қиларкан, британ ҳукумати бу Украинага нафақат мардонавор ҳимояланиш, балки Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтариб олиш учун ҳам ёрдам беришдаги илк қадам эканини қайд этган.
Аммо бундай ёрдам етарли бўладими, деган савол очиқ қолмоқда.
«Россия ҳамон ҳар куни миллиардларни олмоқда ва уларни урушга сарфламоқда. Бизда бир неча миллиард долларлик дефицит бор, бизда буни ёпиш учун нефт ва газ йўқ», деган Зеленский НАТОнинг Мадриддаги саммитида.
Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасснинг қайд этишича, Украина нафақат ўзи учун, балки «барчамиз учун» ҳам курашмоқда.
«Биз Украинага уларга панд бермаслигимиз ҳақида аниқ айтдик. Биз уларни узоқ муддатли истиқболда ҳам ҳар томонлама ва имконимиз етгунича қўллаб-қувватлашда давом этамиз», дея ишонч билан гапирган Трасс хоним.
Ўз навбатида, Борис Жонсон «Путиннинг бешафқатлиги Европа хавфсизлигига таҳдид солишда давом этаётгани»ни айтган.
«Путин ўзи хоҳлаган ва умид қилган нарсасига эриша олмади, шунинг учун бу урушнинг маъносизлиги барчага аён бўлиб бормоқда, унинг украин халқига ҳужумлари эса тобора ваҳшийлашиб бормоқда», деган Жонсон.
Британия бош вазири британларнинг ҳарбий ёрдами «Украина мудофаасидаги вазиятни трансформация қилиши»га ишонч билдирган.
BBC’нинг мудофаа масалалари бўйича мухбири Жонатан Билнинг фикрича, британлар ёрдамининг вазиятни ўзгартирувчи роли ҳақидаги баёнот бироз бўрттирилган.
Фото: Getty Images
Буюк Британия чиндан ҳам Украинага биринчилардан бўлиб ҳарбий ёрдам кўрсатишни бошлаган давлатлардан эди ва бундай ёрдам ҳажми борасида АҚШдан кейинги иккинчи ўринда туради.
Аммо Британия ажратаётган ёрдам ҳажмини АҚШнинг ёрдами билан таққослаб бўлмайди. Яқинда АҚШ Украинага 40 млрд долларлик навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллади. Буюк Британиянинг ҳарбий ёрдами ҳажми эса, янги транш билан биргаликда 2,5 млрд долларни ташкил этади.
Анча кичик давлатлар, масалан, Эстониянинг Украинани қўллаб-қувватлашдаги харажатлари ҳажми, мутаносиб олганда Британияникидан кўпроқ чиқади.
Шу билан бирга, Украина қурол-яроғга, масалан, юзлаб баравар ўт очиш реактив тизимларига муҳтожлигини айтиб келмоқда. АҚШ, Буюк Британия ва Германия ҳозирча бундай тизимлардан ўнга яқинини жўнатишни ваъда қилишган.
«Украина қуролли кучлари ҳамон маълум даражада советлар даврига мансуб эскирган қуролларга қарам бўлиб қолмоқда, Ғарб қуроллари етказилиши эса аста ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Британия ҳам қуролларнинг бир қисмини учинчи давлатлардан сотиб олиб юборишига тўғри келмоқда, бу ўзидаги қуроллар кам қолаётганидан далолат», дея қайд этган Жонатан Бил.
Британия Украинага қандай қуроллар етказиб беради?
Британия ҳукуматида таъкидланишича, британияликларнинг янги ёрдами «мураккаб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари», дронлар, радиоэлектрон кураш воситалари ва «минглаб ҳаётий зарур жиҳозлар» учун тўлов қилишга йўналтирилади.
Июн ойи бошида Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес юқори аниқликдаги M31A1 снарядлари билан M270 баравар ўт очиш реатик тизимлари жўнатилишини тасдиқлаганди. Украин ҳарбийлари бундай қуроллардан фойдаланишни ўрганиш учун Британияда ўқитилмоқда.
Ҳукумат бундай тизимлардан қанча юборилишига аниқлик киритмаган, аммо BBC маълумотига кўра, дастлабки партияда уч дона M270 бўлади.
Бундан ташқари, Британия Украинага 5 минг дона сўнгги авлоддаги танкка қарши енгил қуроллар - NLAW ракета тизимларини жўнатади. Украин ҳарбийларини бундай қуроллардан фойдаланишга ўргатишга нисбатан қисқа вақт кетади, бу эса уруш шароитида Украина қуролли кучлари учун муҳимдир.
Мавзуга оид
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026
Киев ва Вашингтон Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
08:45 / 09.06.2026