Қуролсиз муроса

Қорақалпоғистонда содир бўлган тартибсизликлар қисқа муддат давом этган бўлса-да ҳўл-у қуруқ баравар ёниб кетди ва вазият давлат раҳбарининг бевосита аралашуви билангина изга туширилди. Албатта, бу масалада қатъият сув ва ҳаводек зарур эди, йўқса нотинчлик қулоч ёйиб кетиши яққол кўриниб турганди. Шундай бўлса-да, оммавий қурол ишлатишга йўл қўйилмади, Ўзбекистон тарихида қирғин акс этган саҳифа пайдо бўлишининг олди олинди. Яъни жаҳл ўрнига босиқлик, шошқалоқлик ўрнига соғлом фикр, зиддият ўрнига мулоқот танланди.

Шубҳасиз, Ўзбекистон ўз салоҳияти билан, бошқа «хайрихоҳ»ларнинг кўмаги ва «олтинга тенг» маслаҳатларисиз бу муаммони ҳал қилишга қодир давлат ва шундай бўлиб қолади. Бугун жиловланган вазият эртага ҳаммаси аввалгидек бўлишига хизмат қилади.

Муаммо илдизи

Қорақалпоғистон мураккаб ҳудуд эканлиги, аҳолининг турмуш даражаси нисбатан пастлиги, экология, ишсизлик каби муаммолар депрессив кайфият туғдирганига узоқ вақт кўз юмиб келинганди. Яқин тарихимизда телевидение Қорақалпоғистон деганда рангдор либосларда миллий рақсга тушаётганлар, турли фестиваллар, Оролни қутқаришга оид баландпарвоз тадбирларни намойиш қилди. Мукофотлар, орден-медаллар улашилганда норасмий лимитга кўра Қорақалпоғистон улуши ажратиб келинди, аммо уларни жилмайиб қабул қилиб олганлар мамнунияти чангли ҳаводан тиришган юзларда акс этмади.

Аёллар, болалар соғлиги ортга кетди, аксарият эркаклар ичкиликдан паноҳ излашди, иқтидорли ёшлар ўз тақдирини ҳудуд билан боғламай қўйишди. Ишлаб чиқариш деган тушунча фақат табиий бойликларни қазиб олиш ва сотиш деб тушунилди, ҳудудий бирлик дотациядан чиқолмай қолди.

Ечим қаерда?

Сўнгги йилларда бу муаммоларнинг борлиги, вақт ва имконият бой берилгани тан олинганлиги ўзига хос дастлабки ютуқ бўлди. Президент Қорақалпоғистонга бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ борди, энг узоқ туманларигача кезишга эринмади, ички қаршиликларга қарамай ажратилган маблағ миқдорини каррасига оширди.

Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳар ва тумани ривожланишига кўмак мақсадида етакчи вилоятларга бириктириб берилди. Жумладан, Нукус Тошкентга, Мўйноқ Тошкент вилоятига, Кегейли Андижонга. Бу қатор лойиҳаларнинг амалга ошиши билан бирга ҳудудлараро алоқаларни яхшилади, бирдамликка хизмат қилди.

Қорақалпоғистонда янги туманлар ташкил қилинди, уларнинг инфратузилмаси яратилди. Бу ҳаракатлар ўз мевасини бериши учун вақт, барчанинг ҳамжиҳатлиги, виждонан ишлаши талаб қилинарди. Яъни фақат сабр ва ҳаракат билангина мақсадга эришилади, бетоқатлик ва тўполон билан эмас.