Жамият | 19:50 / 07.07.2022
10667
2 дақиқада ўқилади

Судда фуқаролар ғалаба қилди ва “Новза”да тинчлик ўрнатилди

Тошкентнинг Муқимий кўчасидаги кўп қаватли уйнинг 1-қавати ва ертўла қисмида жойлашган рестораннинг шовқини ҳамда “дискотека”дан зада бўлган фуқаролар ниҳоят осойишталикка эришди - “МЯТА” ресторани фаолияти суд қарори билан тўхтатилди. 

Фотоколлаж: Kun.uz

Kun.uz Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Муқимий кўчаси, “Новза” турар жой мажмуасида яшовчи фуқаролар 20В-уйнинг ертўласи ва биринчи қаватида жойлашган “TIME WARNER ENTERTAINMENT” МЧЖга тегишли  “МЯТА” кафе-ресторани фаолиятидан норози эканлиги ҳақида маълум қилганди. “МЯТА” кафе-ресторан деб аталган бўлса-да, у ўз фаолиятини тунги клуб сифатида олиб борган. Бу ерда қўйиладиган мусиқанинг шовқини ҳамда бошқа ҳолатлардан кўп қаватли уйда яшовчилар доимий азият чекиб келган.

2022 йилнинг 23 май куни Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судида даъвогарларнинг “МЯТА” кафе-ресторанига нисбатан фаолиятини тўхтатиш ва кўчириб юбориш ҳақидаги даъво аризаси асосида қўзғатилган иш кўриб чиқилди.

Суд қарорига кўра, “МЯТА” ресторани фаолияти давомида кўп қаватли уйда яшовчи фуқароларнинг осойишталигини бузиб, нормал дам олишларига халақит берган. Айниқса, ресторанда тунги вақтларда “дискотека” уюштирилиб, баланд овоз чиқарувчи аппаратуралардан фойдаланилган. Хусусан, мутахассислар томонидан мазкур кўп қаватли уйнинг 31-хонадонида баланд овоз чиқарувчи аппаратуралардан фойдаланиш вақтида чиқаётган шовқин ва тебраниш ўлчаб кўрилганида йўл қўйиладиган миқдордан 2-9дБ баланд эканлиги аниқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 648-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 11-бандида кўп квартирали уйнинг ертўласида соат 23:00 дан кейин ҳам ишлайдиган умумий овқатланиш корхоналари, ресторанлар, кафелар, кафетерийлар, барларнинг фаолият юритиши мумкин эмаслиги белгиланган. Аммо “МЯТА” ресторани амалда тунги клуб сифатида соат 23:00 дан кейин ҳам фаолият юритиб келган.

Суд қарори билан даъвогарларнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, “TIME WARNER ENTERTAINMENT”МЧЖга тегишли “МЯТА” ресторанининг “Новза” турар жой мажмуаси 20В-уйдаги умумий овқатланиш фаолияти тўхтатилди.

 

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид