Ўзбекистон | 11:34 / 11.07.2022
25279
3 дақиқада ўқилади

Америкалик қонун чиқарувчилар АҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этади 

Қорақалпоғистондаги вазият, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақа тинчлиги, барқарорлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида холис маълумот бериш мақсадида элчи Жавлон Ваҳобов видео-конференция орқали АҚШ Конгресси аъзолари билан бир қатор музокаралар ўтказди. Бу ҳақда «Дунё» хабар бермоқда.

Фото: Dunyo

Учрашувда АҚШ Конгрессининг Халқаро алоқалар қўмитасидаги Осиё, Тинч океани ва Марказий Осиё бўйича қуйи қўмита ҳамраиси, Оҳайо штатидан республикачи конгрессмен Стив Чабот Қорақалпоғистондаги воқеаларнинг асл сабаблари ва ҳукуматнинг минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлари ҳақидаги батафсил маълумот учун миннатдорлик билдирди. У АҚШ Ўзбекистоннинг кенг қамровли, очиқ ва ишончли тергов ўтказиш ниятини олқишлашини таъкидлади.

Конгрессмен Стив Чабот АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича Кокус» аъзоси ва Марказий Осиё бўйича қуйи қўмита ҳамраиси сифатида Қорақалпоғистондаги мавжуд вазиятни яқиндан кузатиб бораётганини ва ҳукуматнинг уни нормаллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини айтди. «Ўзбекистон Америка Қўшма Штатларининг вақт синовидан ўтган дўсти ва иттифоқчиси бўлиб, мамлакатингиз ушбу синовдан муносиб тарзда ўтиб кетишига, ислоҳотлар давом этишига ишонаман», — дея қўшимча қилди конгрессмен. 

«Ишончим комилки, яқинда мамлакатингизни қамраб олган бу фожиа ёруғ келажак учун бошланғич нуқтага айланади, бундай ҳолат бошқа такрорланмайди, бу минтақага тинчлик ва осойишталик қайтади», — деди Конгрессдаги «Ўзбекистон бўйича Кокус» аъзоси, 2021 йил октябр ойида америкалик қонун чиқарувчилар делегацияси таркибида Ўзбекистонга ташриф буюрган Небраска штатидан республикачи конгрессмен Дон Бэкон. 

Ўзбекистон элчихонаси хабарига кўра, учрашув якунлари бўйича АҚШ конгрессменлари АҚШ Конгрессига барча сенаторлар ва конгрессменлар идораларига тарқатилаётган АҚШ Конгрессининг расмий ҳужжати бўлган «Congressional Record»ни тақдим этишга тайёр эканликларини маълум қилди. 

Ҳужжат, уларнинг фикрига кўра, Конгресснинг барча аъзоларига минтақадаги воқеалар ҳақида холис маълумот етказиш нуқтайи назаридан фойдали бўлади. Бундан ташқари, конгрессменлар мазкур ҳужжатга Қорақалпоғистонга оид маълумотларнинг киритилиши маълум даражада Конгресс аъзоларининг ушбу масалада ҳамжиҳатлигини кўрсатишини таъкидладилар. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид