Жаҳон | 09:40 / 11.07.2022
10300
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британия ташқи ишлар вазири бош вазирликка ўз номзодини илгари сурди

Лиз Трасс мамлакат бош вазири лавозимига 11-номзод бўлди, у ўз баёнотида Украинани фаол қўллаб-қувватлагани ва Кремлга қарши санкцияларни эслатди.

Фото: Picture Alliance

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ҳукмрон Консерватив партия раҳбари ва мамлакат бош вазири лавозимига ўз номзодини қўйишини маълум қилди. Бу ҳақда Трасс 10 июль, якшанба куни The Daily Telegraph газетасида чоп этилган мақоласида маълум қилди. 

«Глобал иқтисодий инқироз шароитида биз ўз уйимизда катта муаммоларга дуч келяпмиз. Бизни хорижда тажовузкор Россиядан тортиб, тобора кучайиб бораётган Хитойгача бўлган катта муаммолар кутиб турибди. Кейинги сайловларга тайёргарлик кўришимиз учун икки йилдан камроқ вақт бор. Бу қийин кураш бўлади, лекин биз Британия халқининг манфаатини биринчи ўринга қўйиб ғалаба қозона оламиз. Мен олдинга интиляпман, чунки мен етакчи бўла оламан ва қийин қарорлар қабул қила оламан», деб ёзган Трасс.

Бош вазир сифатида у биринчи навбатда солиқ юкини камайтиришга, ижтимоий суғурта нархини оширишни бекор қилишга ва бизнес учун ставкаларни пасайтиришга ваъда берди. У ўз мақоласида ташқи ишлар вазири сифатида мамлакатга «Путиннинг Украинадаги урушига халқаро жавоб чораларини кўришга ва Путин ва Кремлга ҳақиқий оғриқ келтирган қаттиқ санкциялар пакетини жорий этишга» ёрдам берганини эслатди. 

11 киши аллақачон партия етакчиси ва бош вазир лавозимларига номзодини эълон қилган, деб ёзади The Guardian. Трасс консерваторлар орасида етакчилардан бири, дея қайд этади Sky. У вазирлар маҳкамасида энг узоқ муддат ишлаган номзод бўлиб, Дэвид Кэмерон, Тереза Мэй ҳамда Борис Жонсон даврида турли лавозимларда фаолият юритган. Тахминларга кўра, партия овоз беришнинг аниқ формати ва унинг вақтини шу ҳафта аниқлайди, деб ёзади The Guardian. 

Бош вазир лавозимида ишлаган Борис Жонсон 7 июль куни – қатор жанжаллар ва ҳукумат вазирларининг истеъфога чиқишидан сўнг ўзи ҳам истеъфога чиқишини эълон қилди. У «дунёдаги энг яхши иш» деб ҳисоблаган лавозимини тарк этганидан афсусда эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, октябр ойида бўлиб ўтадиган янги ҳукумат раҳбари сайловига қадар бош вазир вазифасини бажаришда давом этишини айтди. 

Мавзуга оид