Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
BBC ва FT: Стармер билан боғлиқ ёнғинлар ортида Россия изи бўлиши мумкин
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан боғлиқ уйлар ва автомобилнинг ёқиб юборилишига оид ишда Россия изи бўлиши мумкин. BBC ва Financial Times нашрлари ўтказган журналистик суриштирувда ҳодисалар ортида россиялик дипломат билан боғлиқ шахс тургани ҳақида хулосалар келтирилган.
BBC ва Financial Times томонидан 15 июн куни эълон қилинган суриштирув натижаларига кўра, 2025 йил май ойида Кир Стармер билан боғлиқ бўлган кўчмас мулк объектлари ва автомобилга қарши амалга оширилган ёнғин ҳужумлари кенгроқ саботаж ва беқарорлаштириш кампаниясининг бир қисми бўлиши мумкин.
Лондоннинг Марказий жиноят ишлари суди — Олд Бейли суди ҳайъати мазкур иш бўйича икки нафар шахсни айбдор деб топди. Улар 22 ёшли Украина фуқароси Роман Лавринович ҳамда украиналик келиб чиқишга эга бўлган 27 ёшли Руминия фуқароси Станислав Карпюкдир.
Журналистлар таъкидлашича, ушбу ёнғинлар тасодифий жиноят эмас, балки Россияга олиб борувчи изларга эга кенг қамровли саботаж, провокация ва дезинформация кампанияси билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Тергов материалларига кўра, Роман Лавринович интернет орқали EL тахаллусидан фойдаланган рус тилида сўзлашувчи шахс томонидан ёлланган. У бу алоқани телефонида El Money номи билан сақлаган.
BBC маълумотларига кўра, ушбу тахаллус ортида 23 ёшли Евгений Люкшин яшириниб турган бўлиши мумкин. Нашр уни юқори лавозимли россиялик амалдорнинг ўғли ва дипломатик доиралар билан алоқадор шахс сифатида таърифлайди.
Суриштирувда Люкшин ахборот операциялари соҳасида тайёргарликдан ўтгани, махсус хизматлар ва пропаганда тузилмалари билан боғлиқ шахслар билан алоқаларга эга бўлиши мумкинлиги ҳам қайд этилган. Бироқ у журналистларнинг саволларига жавоб бермаган.
Financial Times таҳлилларига кўра, El Money Лавриновични 2024 йил охирида Telegram орқали ёллаган. Ўша вақтда украиналик шахс Лондонда қўшимча иш қидираётгани ҳақида рус ва украин тилларидаги гуруҳларда эълонлар жойлаштирган.
Нашрнинг ёзишича, ушбу шахс турли операцияларда иштирок этувчиларга Россия фуқаролигини ваъда қилган, шунингдек, Россия президенти Владимир Путинни очиқча мақтаган.
Журналистик суриштирув муаллифларининг фикрича, кампания Россия ҳудудидан туриб масофадан бошқарилган. Бунинг учун ижтимоий тармоқлар ва Telegram платформасида сохта ўта ўнг гуруҳлар ташкил этилган. Улар орқали Буюк Британияда вандализм ҳолатлари уюштирилган ва жамиятда қўрқув ҳамда зиддиятларни кучайтиришга қаратилган материаллар тарқатилган.
FT маълум қилишича, тергов Telegram архивлари, криптовалюта ҳамёнлари маълумотлари, суд ҳужжатлари ва ғарб расмийлари билан суҳбатлар асосида олиб борилган. Унда El Money Россияда фаолият юритгани ва Кремлни қўллаб-қувватловчи NoName057(16) ҳакерлик гуруҳи билан яқин ҳамкорлик қилгани ҳақида маълумотлар келтирилган.
Ёнғин ҳужумлари 2025 йил май ойида содир бўлган. Тергов доирасида Лондоннинг Кентиш Таун ҳудудидаги автомобилнинг ёқиб юборилиши, Стармернинг собиқ уйи эшиги олдида чиққан ёнғин ҳамда унинг аввал яшаган яна бир уйидаги ёнғин ҳолатлари ўрганилган.
Кир Стармер мазкур ҳодисаларни нафақат ўзига, балки Британия демократияси ва мамлакат қадриятларига қарши қилинган ҳужум сифатида баҳолаган.
Мавзуга оид
23:06 / 15.06.2026
Британияда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланади
19:31 / 14.06.2026
Буюк Британия Россия «яширин флоти» танкерини қўлга олди
08:50 / 08.06.2026
SIPRI: дунёда ядровий қуроллар сони яна ўсиши мумкин
08:44 / 08.06.2026