Жаҳон | 14:41 / 12.07.2022
12668
2 дақиқада ўқилади

Уруш бошланганидан бери Россия Европадан экстрадиция бўйича 43 та рад жавобини олди

2022 йилнинг мартидан майигача Россия сўралган шахсларни экстрадиция қилиш бўйича 43 та рад жавобини олди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баравар кўп.

Фото: Shutterstock

2022 йилнинг мартидан майигача Россия Европа давлатларидан сўралган шахсларни экстрадиция қилиш бўйича 43 та рад жавобини олди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан уч баравар кўп, деб ёзади «Коммерсант» газетаси 12 июль, сешанба куни Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб. 

Жорий йилнинг дастлабки икки ойида экстрадиция қилиш бўйича атиги 4 та рад жавоби олинган. Шундай қилиб, Украинага қарши уруш бошланганидан бери Россия Бош прокуратурасининг Европанинг аксарият давлатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳар хил турдаги жиноятларда айбланаётган россияликларни экстрадиция қилиш борасидаги ўзаро ҳамкорлиги амалда барбод бўлди, дея таъкидлайди нашр.

Хусусан, «фақат Германия шу вақт ичида умумий жиноий тусдаги ҳаракатларни содир этганликда айбланаётган 13 нафарни экстрадиция қилишдан бош тортди», — дейилади матбуот хизмати жавобида. Кўпинча рад этишнинг расмий сабаблари сифатида маълум бир мамлакатнинг «экстрадициянинг ҳуқуқий тамойилларига зидлиги» ёки Россияда айбланувчиларнинг ҳуқуқларига риоя этилишининг ноаниқлиги сифатида кўрсатилган. Шу билан бирга, Россия Федерацияси Бош прокуратураси таъкидлаганидек, Австрия, Буюк Британия, Германия, Италия, Полша ва Чехия каби давлатлар расмийлари ўз қарорларининг сиёсий мотивларини яширишмаган.

Россия Федерацияси Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 2020 йилда 177 нафар фуқаро Россияга экстрадиция қилинган, 54 нафар россияликни эса экстрадиция қилишдан бош тортилган. Ўз навбатида, 445 нафар айбланувчи хорижлик Россия Федерациясидан экстрадиция қилинди, улардан 400 нафари қўшни давлатлар фуқаролари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид