Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва Латвия Болтиқбўйи иқлим шароити учун ўзбек гуручининг янги навини етиштиради
Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси кўмагида Тошкент давлат аграр университети (ТДАУ) проректори Алишер Ҳасанов бошчилигидаги делегациянинг Латвияга амалий сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Ташриф давомида Латвия табиий фанлар ва технологиялар университети (LLU) ректори Ирина Пилвере билан музокаралар олиб борилди, Елгава шаҳрида жойлашган озиқ-овқат технологиялари ва ветеринария тиббиётига ихтисослашган лаборатория инфратузилмаси билан танишув ташкил этилди.
Ўзбекистон дипломатик миссияси маълумотига кўра, музокаралар якунида Тошкент давлат аграр университети ва Латвия табиий фанлар ва технологиялар университети ўртасида 2022 йил 1 сентябрдан 2027 йил 30 июнгача мўлжалланган икки даражали таълим дастури тўғрисида битим имзоланди.
Ҳужжатда «Озиқ-овқат технологияси» ва «Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва инновациялари» мутахассисликлари бўйича бакалавриат таълимини «2+2» формуласи бўйича амалга ошириш, яъни талабаларнинг дастлабки 2 йил ТДАУда ва қолган 2 йилни LLU'да ўқиши белгиланди. Ўқишни муваффақиятли битирганларга Европа иттифоқида тан олинган диплом берилади.
Латвия томони билан музокаралар якунида LLU илмий-лаборатория инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда Латвия табиий-иқлим шароитига мослаштирилган ўзбек гуручининг янги навини етиштириш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу лойиҳани амалга оширишда икки мамлакат университетлари мутахассислари иштирок этади. LLU лойиҳа учун ер участкасини ажратади. Лойиҳа муваффақиятли бўлса, Латвияда ўзбек гуручини ишлаб чиқаришни саноатлаштириш истиқболлари ишлаб чиқилади.