Жаҳон | 09:03 / 14.07.2022
11101
3 дақиқада ўқилади

БМТ халқаро судида 40 дан ортиқ давлат Киевни қўллаб-қувватлади

Дунёнинг 40 дан ортиқ давлати ҳукуматлари Россияни Украинадаги хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортишга ва Москвани халқаро ҳуқуқни бузгани учун товон тўлашга мажбурлашга чақирди.

Фото: Picture Alliance

Дунёнинг 40 мамлакати, жумладан Германия, Франция, Италия, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Австралия, шунингдек, Европа иттифоқи расмийлари Россияга қарши Халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат қилган Украинани қўллаб-қувватлади. Томонлар тегишли қўшма баёноти 13 июль, чоршанба куни Еврокомиссия сайтида эълон қилинди. 

«Биз 1948 йилги БМТнинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, Халқаро суд олдида иш бошлаган Украинанинг даъвосини қўллаб-қувватлаймиз. Украина ушбу даъво орқали Россия геноцид мавжудлиги ҳақидаги даъволарнинг тасдиқланмаган фактларига асосланиб, Украинада ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш учун ҳуқуққа эга эмаслиги ҳақидаги қарорга эришмоқчи», дейилади ҳужжатда.

Киевни қўллаб-қувватловчи қўшма баёнотни имзолаганлар ушбу даъвонинг муҳимлигини таъкидлаб, Россияни 2022 йил 16 мартдаги суд қарорига кўра, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирмоқда. «Агар Россия суднинг 16 мартдаги қарорини бажармаса, бу халқаро ҳуқуқнинг навбатдаги бузилиши бўлади», — дейилади мамлакатларнинг қўшма баёнотида. 

«Геноцид тўғрисидаги конвенциянинг барча иштирокчи-давлатлари, кенгроқ айтганда, бутун халқаро ҳамжамият манфаати учун конвенциядан нотўғри фойдаланилмаслиги ёки суиистеъмол қилинмаслиги керак. Шунинг учун ушбу декларацияни имзолаганлар ва Геноцид конвенциясининг иштирокчилари бу жараёнга аралашиш ниятида», деб таъкидлайди баёнот муаллифлари. 

«Хулоса қилиб айтганда, биз Россия ўз ҳаракатлари учун жавобгар бўлиши кераклигини яна бир бор таъкидлаймиз. Шунинг учун Россиянинг халқаро ҳуқуқни бузиши унинг халқаро жавобгарлигини келтириб чиқаради ҳамда Украина кўрган йўқотиш ва зарар учун масъулиятга эга бўлади, деб ҳисоблаймиз», - дея хулоса қилади имзоловчилар. 

Баёнот халқаро ҳамжамиятни Украинага Халқаро судда иш юритишда ёрдам бериш учун барча йўлларни ўрганишга чақириш билан якунланади. 

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 1 июль куни Украина Халқаро судга меморандум топширганини айтди. «Биз Россия Федерацияси Геноцид конвенциясини бузганлигини исботлаймиз, у ўз ҳарбий тажовузини Украинани «геноцид»да асоссиз айблаш билан оқлаяпти. Бу Россия Федерациясини жавобгарликка тортиш ва етказилган зарарни қоплаш учун муҳим қадамдир», - деб ёзди дипломат Twitter саҳифасида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид