Ўзбекистон | 07:27 / 14.07.2022
4370
2 дақиқада ўқилади

Испания компанияси Самарқандда махсус автомобиллар ва тез тиббий ёрдам машиналари ишлаб чиқармоқчи

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида «SamAuto» МЧЖ раҳбарларининг Испанияга амалий сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Сафар чоғида Ўзбекистон вакиллари «Rodriguez Lopez Auto» компаниясининг Оренсе (Галиция) шаҳридаги заводида бўлиб, корхона раҳбарлари билан тез тиббий ёрдам машиналари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

«Rodriguez Lopez Auto S.L.U.» тез тиббий ёрдам ва махсус автомашиналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида компания бозор 65 фоиздан ортиқ қисмини эгаллаган ҳолда Испанияда тез тиббий ёрдам машиналари етакчи ишлаб чиқарувчисига айланган. Ўтган вақт мобайнида компания дунёнинг 25 мамлакати учун 10 мингдан ортиқ тез тиббий ёрдам машинасини ишлаб чиқарган.

2021 йил 24-27 август кунлари «Rodriguez Lopez Auto» компанияси раҳбарлари Ўзбекистонда бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, «Ўзавтосаноат» АКда музокаралар ўтказган, шунингдек, Самарқанд шаҳрида жойлашган «SamAuto» акциядорлик жамияти заводи фаолияти билан танишган.  

Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчиси имкониятларидан келиб чиқиб, «ISUZU» енгил ва юк автомобиллари шассилари асосида махсус автомобиллар чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.  

Испания вакиллари техник таклифлари тайёр бўлгани ва ҳамкорлик шакли бўйича келишувларга эришилгани боис, Ўзбекистондан Испанияга «SamAuto» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бир нечта шассилар жўнатилиши ҳамда Оренсе шаҳридаги заводда уларга тез тиббий ёрдам машиналарини тажриба тариқасида ўрнатилиши кутилмоқда. Келгусида испаниялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Лойиҳа ишга тушгач, йилига 500 дан 800 тагача тез тиббий ёрдам ва махсус автомашиналар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. 

Мавзуга оид