Жамият | 13:31 / 14.07.2022
48517
2 дақиқада ўқилади

Навоийлик тележурналист ЙТҲ қурбони бўлди

Журналист аёл иш юзасидан Навоийдан пойтахтга келаётганда йўл-транспорт ҳодисасига учрагани айтилмоқда.

Фото: Рухсора Каримова

2005 йилдан бери Навоий вилояти телерадиокомпаниясида ишлаб келаётган журналист Рухсора Каримова ЙТҲ қурбони бўлди. У шу йил 12 апрел куни 37 ёшни қаршилаганди. Бахтсиз ҳодиса у иш юзасидан Тошкент шаҳрига келаётганда содир бўлган, бироқ айни пайтда ЙҲТга оид бошқа тафсилотлар маълум эмас.

Марҳуманинг ҳамкасблари унинг вилоят телерадиокомпаниясидаги иқтидорли, ўз услуби ва овозига эга муҳаррирларидан бири бўлганини айтишмоқда.

«Рухсора Каримова Навоий вилояти телерадиокомпанияси ижодкорлари орасида ўз овози, йўналишига эга қаламкашлардан эди...», деб ёзган Дилафрўз Қўшоқова.

«Навоийда шу қиш қор ёғмади ҳисоби. Фақатгина Лангар тоғлари оппоқ қор эди. «Адабий муҳит» кўрсатувини съёмка қилиш керак бўлиб қолди. Рухсора оппоқ қорда оламиз, Лангарга борамиз деб туриб олди. Ва унинг гапи билан эринмасдан Лангарга бордик қор учун. Рухсора ана шундай — ҳар бир кўрсатувини иштиёқ билан, эринчоқлик қилмасдан тайёрларди», дея хотирлаган Руслан Сабуров.

Маълум бўлишича, 2019 йили Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига (сиртқи таълим, бакалавр босқичи) ўқишга кирган Рухсора Каримова жорий йилда 3-курсда таҳсилни тамомлаган.

Асли Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидан бўлган журналист Навоийга келин бўлган, марҳумадан уч нафар фарзанд қолган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Нукусда бўлиб ўтган II Халқаро бахши фестиваль-танловининг ёритиш учун борган “Халқ сўзи” газетаси мухбири Саид Маҳсумов Хоразм вилояти ҳудудида автоҳалокатга учраганди. 36 ёшли журналист билан бирга у кетаётган машинанинг ҳайдовчиси ва яна икки йўловчиси ЙТҲ қурбони бўлганди.

Мавзуга оид