Бугунги музокаралар стратегик шерикликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқади — Шавкат Мирзиёев
Давлатлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш – бош вазифа экани таъкидланди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.
Музокараларда тарихий илдизлар ва дин бирлиги, тиллар, маданият ва анъаналар муштараклиги Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
«Туркманистон президентининг давлат ташрифини халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари бузилмаслиги, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга интилиш бардавом эканлигининг ёрқин тасдиғи сифатида қабул қиламиз», деди Ўзбекистон раҳбари.
Туркманистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг шубҳасиз устувор йўналиши экани қайд этилди.
«Ишончим комил, бугунги музокаралар кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади, биродар мамлакатларимизнинг стратегик шериклигини янада мустаҳкамлайди ва сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқади», деди Шавкат Мирзиёев.
Мамлакатларимиз савдодаги ижобий суръатни сақлаб қолиш ва унинг ҳажмини яқин йилларда икки баробар ошириш учун барча имкониятларга эга экани қайд этилди.
Бунга Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо ҳудуди ва пойтахтларимизда савдо уйларини очиш бўйича қабул қилинган қарорлар хизмат қилади.
Томонлар кимё тармоғидаги алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини юксак баҳоладилар. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни кенгайтириш режалаштирилган.
Шу мақсадда ўрта муддатли Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури қабул қилинади. Бундан ташқари, энг истиқболли лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма лойиҳа офиси ташкил этилади.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Ўтган йилда юк ташишлар ҳажми 17 фоизга ортиб, бу тенденция жорий йилда ҳам сақланиб қолмоқда. Томонлар минтақа мамлакатларининг ноёб транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун қулай шароитлар яратиш, шу жумладан юкларни ташиш учун ўзаро имтиёз ва чегирмалар беришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Давлат раҳбарлари сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликка тўхталар экан, Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссия муваффақиятли ишлаётганини таъкидлашди. Ўзбекистон президенти бугун минтақа сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга Амударё бўйича битим имзоланишини мамнуният билан қайд этди.
Шунингдек, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан Туркманистондан электр энергияси, газ ва нефть маҳсулотларини харид қилишдан манфаатдор.
Туркманистон томони товар айирбошлашни диверсификация қилиш ва ошириш, саноат кооперациясини ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди.
«Мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга муайян тармоқлар орасида биз агросаноат мажмуи, энергетика, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, тўқимачилик ва фармацевтикани қайд этмоқчимиз. Бизнес доиралари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш учун жиддий имкониятлар бор. Кейинги йилларда чегарадош ҳудудлар ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтириш ниятидамиз», деди Туркманистон президенти.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ҳукуматларига эришилган келишувларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар ой ахборот бериб боришни топширди.
Мавзуга оид
15:52 / 13.11.2024
Ўзбекистонда Глобал экологик фонд донорлари йиғилиши ўтказилиши мумкин
15:29 / 13.11.2024
Ўзбекистон президенти Чехия бош вазири билан учрашув ўтказди
14:37 / 13.11.2024
Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди
13:50 / 13.11.2024