Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бериб, Ўзбекистон–Туркманистон муносабатлари савдо, энергетика, транспорт ва гуманитар соҳаларда янги марраларга кўтарилаётганини қайд этди. Томонлар ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш, чегараолди савдо зоналари фаолиятини кенгайтириш ва минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қатъий интилишини тасдиқлади.

Кўксарой қароргоҳида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тарихий давлат ташрифи қардош мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаб, уни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги биргаликдаги ишларнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Савдо-иқтисодий алоқалар ва кооперацияни кенгайтириш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш қарийб икки бараварга ўсиб, 1 миллиард доллардан ошди. Унинг ҳажмини, аввало, ўзаро савдодаги маҳсулотлар турини кенгайтириш ва етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш ҳисобидан 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Бу борада бугун ишга туширилган “Шовот–Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Томонлар ушбу тажрибани бошқа чегараолди ҳудудларда, биринчи навбатда, “Олот–Фароб” йўналишида қўллаш ниятида экани билдирилди.

Минтақанинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини кучайтириш мақсадида ҳукуматларга автомобиль, темир йўл ва денгиз орқали ташувларни ривожлантириш, Туркманбоши халқаро денгиз портидан биргаликда фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Энергетика масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Электр энергиясини етказиб бериш ва транзит бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, икки мамлакат ҳудудида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида қатъий интилиш борлиги таъкидланди.

Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳасида, жумладан, Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.