Самарали музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Қўшма баёнот имзолади.


Бундан ташқари, давлат раҳбарлари ҳузурида қуйидаги икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди:
- Ўзбекистон – Туркманистон чегараолди савдо зонаси фаолияти тўғрисидаги шартнома;
- Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
- Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги битим;
- Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома;
- Халқаро автомобилда йўловчи ва юк ташиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома;
- Адлия вазирликлари ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Маданият соҳасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Нефт маҳсулотлари ва суюқ кимёвий юкларни ташиш учун темирйўл вагонларини етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;
- Биологик хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича ўзаро англашув меморандуми;
- Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро муносабатлар институти ўртасида Ўзбекистон – Туркманистон экспертлар кенгашини тузиш тўғрисидаги меморандум;
- Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда Туркманистон Давлат, ҳуқуқ ва демократия институти ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;
- Ўрмон хўжалиги соҳасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”;
- Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари билан Лебап вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги билан Ахал вилояти ҳокимлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан Тошҳовуз вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар.














