Ўзбекистон | 23:02 / 11.12.2025
760
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ашхободда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашди

Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклигини янада кенгайтириш масаласига эътибор қаратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашди.

Туркманистон президентининг яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклигини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Йил бошидан буён товар айирбошлаш қарийб бир миллиард долларга етди. “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Юк ташиш ҳажми 30 фоизга ошди, жумладан, Туркманбоши порти орқали етказиб бериш фаоллашди.

Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши ва Ҳудудлар форумининг бўлажак йиғилишларида савдо ҳажмини каррасига ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, хусусан, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни самарали илгари суриш бўйича таъсирчан чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди.

12 декабр куни Мирзиёев Туркманистоннинг доимий бетарафлиги эълон қилинганининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил «Халқаро тинчлик ва ишонч йили» деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумда иштирок этади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид